Келинг, таълимни бузмайлик!
Минг афсуслар бўлсинки, коррупция балоси глобал муаммо, инсониятнинг маънавий ва моддий тараққиётига болта уриб келаётган ижтимоий иллат сифатида жуда катта тўсиқ бўлиб келмоқда.
“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.”
БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясидан.
Минг афсуслар бўлсинки, коррупция балоси глобал муаммо, инсониятнинг маънавий ва моддий тараққиётига болта уриб келаётган ижтимоий иллат сифатида жуда катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Таълим тизимидаги коррупция ҳақида Андижон давлат университети Ижтимоий-иқтисодиёт факультети декани, юридик фанлари доктори профессор Талантбек Мадумаров ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Илмий адабиётларда коррупция (лот.Corrumpere— бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Бу терминнинг асл сўз негизи эса “бузмоқ” маъносини ифодалаши ҳам кишини бу ҳақда жиддий мулоҳаза қилишга ундайди. Мисол учун қонунларни бузмоқ, бошқарувни бузмоқ, тизимни бузмоқ ва ҳоказо. Энди бир мулоҳаза қилайлик, таълимдаги коррупция таълимни бузмоқни, издан чиқармоқни англатмайдими?
Мамлакатимизда 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат қилиб белгилаб қўйилди. Минг афсуслар бўсинки, ана шунча чора-тадбир ва ҳуқуқий механизмларнинг бўлишига қарамай жамиятимизда коррупциянинг мавжудлиги дилни хира қилмоқда.
Юқоридаги қонунда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш чоралари кўзда тутилган.
Ана шу қонунда таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этиши қайд этилади.Тўғри ишлаб, тўғри яшаш саодатини болаликдан, ёшликдан ўрганган одам мард ва ҳалол бўлади. Адолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади. Қонунга, тартиб-қоидаларга ҳурмат сақлаб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилади. Ҳалол меҳнат билан топилмаган бойлик тотли бўлмаслигини, ҳеч кимга буюрмаслигини, яхшилик эмас, ёмонлик ва кулфат келтиришини тушунади.
Афсуски, ана шундай таълим-тарбия ўчоғи бўлган таълим муассасасининг ўзида тамагирлик, порахўрлик, бир сўз билан айтганда, коррупция ҳолатларининг мавжудлиги ёш авлод тарбияси бузилишига, натижада миллат ва давлат манфаатлари хавф остида қолишига олиб келмоқда.
Таълим тизимида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун шаффофлик тизими яратилиши керак деб ҳисоблаймиз. Тўғри, мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф ўтиш ўринли. Айниқса, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларнинг шаффофлаштирилиши, тест натижаларни эълон қилишдаги самарали ишлар ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Лекин талабларнинг ўқув ишлари соҳасидаги яъни, фанни ўзлаштириш, якуний имтиҳонлар топшириш борасидаги мавжуд тизим таълимда тамагирлик ва порахўрлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда. Бизнингча, талабаларнинг фанларни ўзлаштириши ва якуний имтиҳонларни онлайн режимга ўтказиш ёки рейтинг натижаларини кузатиб боришнинг электрон тизимини яратиш шаффофликни таъминлаб, коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва дадил фаолиятисиз жамият ҳаётини демократлаштириш, одамларни мустақил фикрлаб яшашга ундаш, ҳозирги кунда сув ва ҳаводек зарур бўлган жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш мумкин эмас. Коррупцияга қарши курашда ОАВ ва жамоатчилик назоратидан унумли фойдаланишни ҳам самарали ечим деб ўйлаймиз.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Мақоламиз сарлавҳасида айтганимиздек – Келинг, таълимни бузмайлик!