“Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси доирасида ўқув семинари ўтказилмоқда
Пойтахтимизда “Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси бўйича “Тошкент тажрибаси”ни ўрганиш ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва натижадорлигини оширишда тизим раҳбарларининг шахсий масъулияти мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларининг хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш шўъбаси раҳбарлари, шунингдек, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиқлари иштирок этмоқда.
Семинарнинг асосий мақсади умумий ўрта таълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш, “Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида шаклланган илғор тажрибаларни ҳудудларда жорий этиш, шунингдек, тизим раҳбарларининг бу борадаги шахсий масъулиятини кучайтиришдан иборат.
[gallery-29571]
Семинар дастури доирасида иштирокчилар Тошкент шаҳридаги бир қатор умумтаълим мактабларида ташкил этилган таълим жараёнлари билан танишди. Жумладан, Миробод туманидаги 31- ва 263-сонли мактаблар ҳамда Юнусобод туманидаги 9- ва 220-сонли мактабларга ташрифлар амалга оширилди.
Ташриф давомида “Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси тақдимотлари, хорижлик ўқитувчилар иштирокида ташкил этилган “Speaking club” фаолияти, 11-синф ўқувчилари учун факультатив машғулотлар ўтказилиб, замонавий таълим технологияларининг қўлланилишига аҳамият қаратилмоқда. Шу билан бирга, иштирокчилар ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси, якуний тест жараёнлари ва ўқув дастурларини ташкил этиш амалиёти билан танишмоқда.
Шунингдек, хорижий тилни билиш даражасини аниқлаш бўйича тест жараёнлари ҳам кузатилади.
Ушбу маърифий тадбир доирасида Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат институтида амалий семинар бўлиб ўтади. Унда умумий ўрта таълим мактабларида хорижий тилларни оммалаштиришда тизим раҳбарларининг шахсий масъулияти, “Келажак учун хорижий тил” лойиҳасини ҳудудларда жорий этишнинг ташкилий механизмлари, факультатив машғулотларни ташкил этиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, дарс жадвали ва педагогларни бириктириш тартиби, юқори синф ўқувчиларини тил билиш даражасига кўра гуруҳларга ажратиш масалалари муҳокама қилинади.
Семинар давомида вазирлик мутасаддилари, таълим соҳаси экспертлари, мактаб раҳбарлари ҳамда амалиётчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Мазкур семинар хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш, ҳудудларда самарали тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда ёшларнинг халқаро стандартларга мос тил кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Назокат Усмонова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА мухбирлари