“Келажак ўйинлари” – рақамли дипломатиянинг янги босқичи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида Остона шаҳрида ўтказилаётган “Келажак ўйинлари” халқаро мусобақаси очилиш маросимида иштирок этиши шунчаки спорт тадбирига ташриф сифатида баҳоланмайди. Бу қарор Марказий Осиёда технология, инновация ва ёшлар сиёсати атрофида шаклланаётган янги ҳамкорлик моделига Ўзбекистоннинг қизиқиши кучайиб бораётганини намоён қилди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Фотима Назарова фикрига кўра, бугун халқаро муносабатда спорт тобора сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқани кенгайтириш ва мамлакатлар брендини шакллантириш воситасига айланмоқда. “Келажак ўйинлари” эса айни жараённи янги босқичга олиб чиққан лойиҳадир. Мазкур ташаббус асосида “phygital” концепцияси ётади. “Рhysical” ва “digital” сўзлари қўшилишидан ҳосил бўлган бу атама мусобақа аввал виртуал муҳитда, кейин эса ҳақиқий майдонда давом этишини ифодалайди. Масалан, футболчилар дастлаб симулятор орқали, кейин яшил майдонда баҳслашади. Шундай ёндашув баскетбол, жанг санъати, дрон пойгаси ва бошқа йўналишларга ҳам хос.
Бу формат анъанавий спортга рақамли авлодни жалб қилиш, сунъий интеллект, виртуал ва кенгайтирилган ҳаётий технологияни оммалаштириш ҳамда инновация саноатини ривожлантиришни кўзлайди. Шу боис мазкур мусобақа нафақат спортчилар, балки IT-компаниялар, стартаплар ва технология экотизими учун ҳам халқаро майдон вазифасини бажармоқда.
Рақамли иқтисодиётдан халқаро нуфузгача

Остонадаги мусобақа геосиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Президенти ушбу тадбирда иштирок этиши мамлакатимизнинг рақамли иқтисодиёт, инновация ва юқори технология соҳаларидаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини англатади. Айни пайт Марказий Осиёда йирик халқаро лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган сиёсий ирода ифодаси ҳам.
Статистика лойиҳа кўламини яққол кўрсатади. Бу мусобақага аввал Қозон ва Абу-Даби мезбонлик қилган, бу йил Остонада 50 давлатдан 800 га яқин иштирокчи жам бўлди. Бундай оммавийлик лойиҳанинг глобал аҳамиятидан дарак.
Келгусида Ўзбекистон ҳам “Келажак ўйинлари”га мезбонлик қилиш учун номзодини илгари суриши мумкин. Яъни, замонавий спорт иншоотлари, “IT Park” экотизими, рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётгани ва халқаро тадбирлар ўтказиш тажрибаси мамлакатимизга муҳим устунлик беради. Агар шу ташаббус амалга ошса, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошади, туризм рағбатлантирилади, юқори технология соҳасига янги-янги сармоя жалб этилади.
Энг муҳими, “Келажак ўйинлари” эндиликда медаллар учун кураш майдони эмас, балки рақамли дипломатия, инновация ва ёшлар ҳамкорлигини бирлаштирувчи халқаро платформадир. Айнан шу жиҳат мусобақани XXI асрнинг энг истиқболли глобал ташаббусларидан бирига айлантирмоқда.
Янги авлод мусобақаси: рақамли технология – геосиёсий рақобатнинг муҳим бўлаги

Сўнгги йилларда замонавий технология иқтисодий рақобатбардошлик билан бир қаторда ташқи сиёсатнинг ҳам муҳим воситасига айланди. Шу нуқтаи назардан “Келажак ўйинлари” мамлакатлар учун технология салоҳияти, инновация имконияти ва инсон капитали даражасини намоён этиш учун майдон вазифасини ўтамоқда. Мазкур формат орқали иштирокчи давлатлар нафақат спортдаги ютуғи, балки рақамли трансформация соҳасидаги салоҳиятини ҳам халқаро миқёсда тақдим этяпти.
Бундай мусобақалар ёшларнинг қизиқишини ҳам инобатга олган ҳолда ташкил этиляпти. Анъанавий ва электрон спорт уйғунлашуви жисмоний фаоллик ҳамда рақамли кўникмани бирга ривожлантириш имконини яратади. Шу тариқа келажак меҳнат бозорида талаб юқори соҳалар учун малакали кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон учун имкониятлар…
Мамлакатимиз спорт инфратузилмаси такомиллашиб бориши, IT Park экотизими ривожланиши ҳамда рақамли иқтисодиётга берилаётган устувор эътибор келгусида “Келажак ўйинлари”га мезбонлик қилиш учун муҳим омиллардир. Бундай имконият нафақат халқаро нуфузни мустаҳкамлайди, балки инвестиция оқимини ошириш, туризмни ривожлантириш ва инновацион иқтисодиётни янада жадаллаштиришга ҳам хизмат қилади. Транспорт, рақамли инфратузилма, меҳмонхона бизнеси, хизмат кўрсатиш соҳаси ва стартап экотизими учун қўшимча имконият яратади. Умуман, халқаро тадбирлар орқали мамлакат бренди мустаҳкамланади, маҳаллий IT-компаниялар ўз маҳсулотини глобал бозорга чиқариш имконига эга бўлади. Демак, “Келажак ўйинлари” спорт мусобақасидан кўра анча кенг қамровли лойиҳа.
Хуллас, “Келажак ўйинлари” жисмоний спорт билан рақамли технологияни уйғунлаштирган янги авлод мусобақаси сифатида шаклланмоқда. Ушбу тадбирда иштирок этиш ёки анжуманга мезбонлик қилиш мамлакатнинг спорт соҳасидаги имкониятини юзага чиқариши баробарида инновация, СИ, рақамли иқтисодиёт ва ёшлар сиёсатидаги салоҳиятини ҳам намоён этади. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Остонадаги мазкур тадбирда иштирок этиши Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўналишларига очиқ экани, минтақада юқори технологияга асосланган ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини англатувчи муҳим сиёсий қўнғироқ сифатида баҳоланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА