“Келажак муҳандислари” Республика кўрик-танловининг финал босқичи бошланди
Тошкент шаҳридаги ИННО Технопарк мажмуасида “Келажак муҳандислари” Республика кўрик-танловининг якуний финал босқичига расман старт берилди.
Тадбирни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов очиб бериб, танлов иштирокчиларининг инновацион ишланмалари ва лойиҳалари билан яқиндан танишди ва уларнинг илмий-амалий аҳамияти ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Финал босқичи уч кун давомида “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” йўналишлари бўйича ўтказилади. Бугунги дастур доирасида “Энг яхши ғоя” йўналишида 30 нафар иштирокчи, жумладан 10 нафар талаба, 10 нафар амалиётчи муҳандис ҳамда 10 нафар профессор-ўқитувчи ўз инновацион ишланмалари билан экспертлар олдида тақдимот ўтказмоқда.

Танловнинг финал босқичида акселерация дастурини муваффақиятли якунлаб, энг юқори натижаларни қайд этган 90 нафар иштирокчи бош соврин учун ўзаро беллашади. Лойиҳа ва ишланмалар илмий янгилиги, амалий аҳамияти, иқтисодий самарадорлиги ҳамда реал сектор эҳтиёжларига мослиги каби мезонлар асосида баҳоланади.

Уч кунлик баҳслар якунида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар аниқланади ҳамда танловнинг бош соврини — Президент совғаси сифатида тақдим этиладиган BYD электромобили энг муносиб иштирокчига топширилади.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА