“Келажак лидерлари” таълим дастури бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида навбатдаги “Келажак лидерлари” қўшма қайта тайёрлаш таълим дастури бошланди.
Мазкур дастур мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими учун юқори малакали, замонавий фикрлайдиган ва масъулиятли ёш раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Дастур Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган устувор вазифалар доирасида амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказилган очиқ танлов асосида саралаб олинган 50 нафар иқтидорли тингловчи Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида таълим олади.
Таълим жараёни 5 ой давом этади. Унда давлат бошқаруви асослари, стратегик режалаштириш, лидерлик ва қарор қабул қилиш, замонавий бошқарув технологиялари каби йўналишлар бўйича назарий ва амалий билимлар берилади.

Дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири – унинг амалий йўналтирилганидир. Тингловчилар вазирлик ва ҳокимликларда 2 ойгача стажировка ўтаб, реал бошқарув жараёнлари билан танишади. Энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар учун хорижий стажировкалар ҳам ташкил этилади.
Бу борада Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш институти (NHI) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Дастур якунида иштирокчилар долзарб бошқарув муаммоларига бағишланган лойиҳа ишларини ҳимоя қилади. Бу эса уларнинг таҳлилий фикрлаш, инновацион ёндашув ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш қобилиятини янада ривожлантиради.
Мутахассислар таъкидлашича, “Келажак лидерлари” дастури давлат хизмати тизимида янги авлод раҳбарларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Н.Абдураимова, ЎзА