Кексалар жамиятнинг бойлигидир
Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” деб эълон қилинган. Ҳафталик доирасида юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, ташкилот ва маҳаллаларда нуронийларни қўллаб-қувватлашга доир ҳар хил тадбирлар уюштирилди.
Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган “Кексалик ва ҳозирги замон: мавжуд ҳолат, ривожланиш тенденциялари ва истиқболдаги муаммолар” мавзуидаги республика илмий-амалий анжуманини шу тадбирларнинг давоми десак ҳам бўлади.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги,”Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси биргаликда ташкил этган анжуманда вазирлик ва ташкилотларнинг кексалар бўйича фаолият олиб бораётган мутахассислари, Тошкент шаҳридаги фаол кексалар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда кексаларга яратилган шарт-шароитлар, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гап борди.Таъкидландики, кексалар жамиятнинг, давлатнинг бойлиги, куч-қудрати омилларидан биридир. Кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси, билими ва куч-ғайратидан ёшлар тарбияси, таълим ва бошқа соҳалар ривожи йўлида тўғри фойдалансак, мамлакатимиз шунча тараққий этади.
“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Бахтиёр Норов,Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Иноқов,Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионати директори Фарангиз Акрамова,”Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Абдусаматова,Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, социология фанлари доктори Шоҳида Содиқова ва бошқаларнинг маърузаларида кун тартибидаги мавзунинг турли қирралари ҳақида фикрлар билдирилди.
Мавзу юзасидан мунозара бўлиб, таклиф ва тавсиялар айтилди.
А.Тайпатов, ЎзА