“Кексалар ҳафталиги” Бахмалдан бошланди
Жиззах вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида “Кексалар ҳафталиги” Бахмал туманининг “Гулбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида бошланди.
Тадбир, хизмат бурчини ўтаётган чоғида мардларча ҳалок бўлган оддий аскар Шоҳрух Ўразалиевнинг ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 50-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисига ўрнатилган бюсти пойига гуллар қўйиш билан бошланди.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Абдуҳаким Мамаражабов шу мактабнинг собиқ ўқувчиси, марҳум Шоҳрух Ўразалиев ҳақида йиғилганларга гапириб берди.
Шоҳрух Ўразалиев 1994 йилда “Гулбулоқ” ҚФЙга қарашли“Олмазор” қишлоғида таваллуд топган, 2010 йил айнан шу 50-сонли мактабнинг 9-синфини, сўнгра 2013 йил Бахмал педагогика коллежини тамомлаб, 2014 йил муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. 2015 йилдан ўз хоҳиши билан чегара қўшинлари таркибида шартнома асосида ҳарбий хизматини давом эттирган. 2018 йил Сурхондарё вилоятида хизмат бурчини ўтаётган чоғида мардларча ҳалок бўлган.
Сўнг туман нуронийлари мактабда таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан учрашиб, ҳаётий тажрибалари билан бўлишди. Учрашувда мактабда яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишилди. Бунда компьютер ва мусиқа тўгараклари, спорт машғулотлари залларидаги шароитлар кекса фахрийларни беҳад қувонтирди. Мактаб спорт залида нуронийлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида шу жойда шахмат-шашка бўйича ўзаро куч синашди.
[gallery-4157]
Тадбирнинг кейинги қисмида маҳалладаги оилавий поликлиникада нуронийлар учун тиббий кўрик ташкил этилди. Ушбу тиббий кўрик давомида “Мобиль поликлиника” ҳам ҳудуд нуронийлари учун хизматда бўлди.
Туман ҳокимлиги, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан фахрий нуронийлардан 5 нафарига сиҳатгоҳларда дам олиш учун йўлланма, 5 нафар отахонга реабилитация воситалари ва “Кексалар ҳафталиги” иштирокчиларининг барчасига совға саломлар тақдим этилди.
“Кексалар ҳафталиги” вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА