Касбга садоқат бахтга етаклайди
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, соҳада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш устувор вазифалардан бирига айланди. Бу эзгу мақсадлар рўёбида газ таъминоти тизимида фаолият юритаётган фидойи мутахассисларнинг меҳнати беқиёс. Ана шундай инсонлардан бири “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими пайвандчиси Жамшид Одиловдир.
У қарийб ўн саккиз йилдан буён соҳада ҳалол меҳнат қилиб, ўз касбига садоқати, масъулияти ва юксак маҳорати билан ҳамкасблари ўртасида муносиб ҳурмат қозониб келмоқда. Қаҳрамонимизнинг ҳар бир иш куни эрталаб аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ва иш режаси билан бошланади. Электрон газ ҳисоблагичларини ўрнатиш, газ тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиш, газ қувурларида пайвандлаш ишларини амалга ошириш каби масъулиятли вазифалар унинг кундалик меҳнатининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Пайвандчилик касби юқори аниқлик, сабр ва масъулият талаб этади. Жамшид Одилов эса ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам ўз бурчини сидқидилдан бажаради. Унинг сифатли ва пухта бажарган пайвандлаш ишлари аҳолини табиий газ билан барқарор ҳамда узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Ишимни жуда яхши кўраман, – дейди Жамшид Одилов. – Албатта, касбимнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Баъзан ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам олов тафтида ишлашга тўғри келади. Бу касб синчковлик, эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Мен ҳар бир вазифани юракдан бажаришга ҳаракат қиламан. Энг катта қувончим меҳнатим орқали инсонлар хонадонларига табиий газ узлуксиз етказиб берилишига ҳисса қўшаётганимдир.
Жамшид Одилов нафақат малакали мутахассис, балки ҳақиқий устоз ҳамдир. У ўзининг бой тажрибасини ёшларга ўргатишни бурч деб билади. “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти бўлими ҳузуридаги ўқув-амалий машқ майдонида ёш газчиларга пайвандлаш сир-асрорларини ўргатиб, устоз-шогирд анъаналарини муносиб давом эттирмоқда.
Унинг меҳнати ўз самарасини ҳам бермоқда. Шогирдларидан бири “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими пайвандчиси Бегзод Муқимов ўтган йили “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташаббуси билан ўтказилган “Энг яхши жамоа” кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу эса устоз меҳнатининг энг муносиб эътирофи ҳисобланади.

Жамшид Одиловнинг истеъдоди фақат касби билангина чекланмайди. У оддий темир симлардан от ва кийик ҳайкалларини яратиб, уларни филиал ҳовлисига ўрнатган. Катта дид, нозик ҳис ва ижодий изланиш маҳсули бўлган бу композициялар меҳнаткаш инсоннинг нафақат моҳир пайвандчи, балки санъатга ошно ижодкор эканини ҳам намоён этади.
Ҳаётда у икки ўғил ва бир қизнинг меҳрибон отаси, ота-онасига суянч, турмуш ўртоғига ишончли ҳамроҳдир. Унинг бугунги бахти йиллар давомидаги ҳалол меҳнат, сабр-тоқат, матонат ва инсонларга бўлган меҳр натижасида барпо этилган.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткаш инсонларни рағбатлантириш ва касб эгаларининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамшид Одилов каби фидойи мутахассислар эса бу ислоҳотларнинг ҳақиқий амалий кучига айланиб, юрт тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги учун муносиб ҳисса қўшмоқда.
Касбини севган, меҳнатини қадрлаган инсоннинг бахти ҳам, обрўси ҳам юксак бўлади. Жамшид Одиловнинг ҳаёт йўли бу фикрнинг ёрқин исботидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири