Касалликнинг олдини олишда муҳим омил
Аҳолининг сиҳат-саломатлиги юртнинг катта бойлигидир.
Аҳолининг сиҳат-саломатлиги юртнинг катта бойлигидир. Шу боис ҳам мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Соҳага оид давлат сиёсатида алоҳида ўрин тутган бу масала Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Партия Бухоро вилояти кенгаши томонидан Когон шаҳридаги “Темирйўлчилар” маданият ва истироҳат боғида “Адолат” СДП маҳаллий ташкилотлари ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” шиори остида ташкил этилган митинг-тарғибот тадбирида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.
Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш ҳар жиҳатдан муҳим, деб таъкидланди тадбирда. Бу эса аҳолининг тиббий маданиятини оширишни талаб этади. Соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик талабларига амал қилиш, соғлиққа зиён етказадиган зарарли одатлардан воз кечиш, овқатланиш меъёрларига риоя этиш, даволаниш катта харажатлар сарфлашни талаб қиладиган турли хасталикларга барҳам беришнинг асосий омиллари ҳисобланади. Бу борада бирламчи тиббиёт тизими бўғини бўлган қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг муҳим вазифалари доирасига кирувчи патронаж хизмати фаолиятини такомиллаштириш зарур. Партиянинг сайловолди дастурида ана шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда маданиятини юксалтиришда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, хусусан, профилактика муассасаларига мурожаат қиладиган беморларнинг электрон ахборот базасини шакллантириш “ақлли тиббиёт” дастурини амалга оширишнинг асосий дастакларидан бири экани қайд этилган.
– Биз аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда тарғибот тадбирларига эътибор қаратган ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳам излаяпмиз, –дейди “Адолат” партияси вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов. – Бу борада жамоатчилик назорати, муаммоларни халқ депуталари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари ҳамда сессияларида муҳокама этиш, мутасаддилар ҳисоботини эшитиш тажрибаси қўл келмоқда.
Шунингдек, мулоқотда, партиянинг сайловолди дастурида белгиланганидек, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарини тарбияланувчилар ва ўқувчилар сонини, мазкур муассаса жойлашган ҳудуднинг хусусиятларини, замонавий талаб ва эҳтиёжни инобатга олган ҳолда жиҳозлаш, кадрлар билан, тегишли дори-дармонлар, тиббий анжомлар ва дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга доир тиббий ускуналар билан таъминлашнинг ягона андозасини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, ушбу масканлар фаолиятини молиявий таъминлашнинг ягона ва қулай механизмини йўлга қўйиш ҳамда бошқа долзарб масалаларга эътибор қаратилди. Учрашув партия электорати ва хайрихоҳлари ўртасида партиянинг сайловолди дастурини тарғиб қилишда ўзига хос мулоқот минбарига айланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар партиянинг дастури ва лойиҳалари, мақсад, вазифалари тўғрисида тўхталиб, ўз фикр ва таклифларини илгари сурди.
Акция давомида “Адолат” партияси ҳудудий кенгашлари “Ёш адолатчи” ва “Аёллар қаноти” вакиллари томонидан намойиш этилган тиббиёт соҳасидаги иллатлардан бири коррупцияга қарши курашга даъват этувчи саҳна чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.


