Касалликларни даволашдан кўра олдини олиш муҳимдир
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоят тиббиёт тизимининг 2019 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоят тиббиёт тизимининг 2019 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган тадбирда бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, мутахассислар томонидан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида изчил давом эттирилаётган туб ислоҳотлар доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самаралари, келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган 180 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтирди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Мўминов. – Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тиббиётимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Фармон билан 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Бугунги кунда тиббиёт тизимида ислоҳотлар жуда жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 457.8 миллиард сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда бу рақам 795,4 миллиард сўмга етказилди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда тиббиёт объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори 3 баробарга ортди. 2020 йилда эса вилоят соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 1 триллион 64 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бугун дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда бу йўналишда вилоятда 164 та амбулатория-поликлиника, жумладан, 75 та қишлоқ врачлик пункти, 62 та қишлоқ , 15 та шаҳар оилавий поликлиникаси хизмат кўрсатмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар, энг муҳими, 5 та тор соҳа мутахассисларининг фаолияти йўлга қўйилди. Тиббий патронаж хизмати замон талабидан келиб чиқиб такомиллашмоқда.
Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа – шошилинч ва тез ёрдам хизматининг фаолияти ҳам кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Натижада, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. 100 дан ортиқ янги автомашиналар олинди. Бугунги кунда тизимда “Nissan”, “Hunday” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги харид қилинган реанимобиллар зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида чақирувларни зудлик билан қабул қилиш ва беморларга шошилинч хизмат кўрсатишни такомиллаштирилган тизими СаII-марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Кейинги йилларда тиббиётда юқори технологик амалиётларни татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хорижда ва пойтахтда амалга ошириладиган ўнлаб мураккаб жарроҳлик операциялари Наманганда ўтказилмоқда. Тиббиёти тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни вилоят тиббиётига жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилаётир. Жумладан, кардиожарроҳлик соҳасидаги замонавий операциялар вилоят даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Айниқса, вилоят кардиология марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология ва эндокринология диспансерларида ва бошқа тиббиёт муассасаларида бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, бундай жараёнлар нафақат вилоят марказида, ҳатто туманларда ҳам жорий этилаётир.
Охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Вилоят “Она ва бола скрининги” маркази ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги скрининг хоналари зарур жиҳоз ва тиббий анжомлар билан таъминлаган. Бу ўзгаришлар юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда.
Инвестиция дастури доирасида таъмирланаётган, “Обод марказ”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида янги қиёфага кириб бораётган соғлиқни сақлаш бино ва иншоотларининг сони тобора ортмоқда. Сўнгги уч йилда 125 дан ортиқ даволаш-профилактика муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва бу мақсадлар учун 211 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина 2019 йилнинг ўзида 59 та тиббиёт масканида 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилиш – таъмирлаш ишлари бажарилди. Жорий йилда янги қурилган вилоят эндокринология маркази, Наманган шаҳрида 15-оила поликлиникаси, Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғида оила поликлиникаси ва Норин туманида Учтепа қишлоқ врачлик пункти бинолари фойдаланишга топширилди.
Бино ва иншоотларини қайта реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш баробарида уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоят тиббиёт муассасалари 11 миллион доллардан зиёд қийматда янги тиббий жиҳоз, асбоб-ускуналар билан таъминланди. Айни пайтда вилоят кардиология марказига қиймати 1,1 миллион долларга тенг МСКТ (мультисперал компюьтер тамография), радиочастотали аблятор, вилоят эндокринология диспансерига 575 минг долларлик рақамли рентген аппарати, наркоз ва УТТ аппаратлари, лаборатория анализаторлари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 1,6 миллион долларлик МРТ, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 62 минг долларлик , Косонсой юқумли касалликлар шифохонасига 252 минг долларлик биохимик, ИФА, ПЦР-анализаторлар, вилоят онкология диспансерига 1 миллион 200 минг долларлик гамма терапия ва 467 минг долларлик брахитерапия нур аппаратлари каби энг такомиллашган тиббий жиҳозлар келтирилиши бўйича иш олиб борилмоқда.
Соҳада хусусий секторни ривожлантириш йўлида ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугунга келиб вилоятда бу йўналишда 360 дан зиёд тиббий муассаса фаолият кўрсатиб, улардаги ўринлар сони 4826 тани ташкил этмоқда. Хусусий шифохоналарда нейрожарроҳлик, абдоминал жарроҳлик, лапроскопик жарроҳлик амалиётларига киришилгани соҳанинг жадал ривожланаётганлигини кўрсатади. Шунингдек, мазкур муассасалар профили эндокринология, болалар урологияси, педиатрия, болалар жарроҳлиги, травматология ва ортопедия, аллергология ва иммунология ва бошқа йўналишлар бўйича хизмат турлари билан кенгайиб бораётгани эътиборга молик.
Вилоятдаги хусусий клиникаларнинг жадал ривожланишида Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби қатор хорижий давлатларнинг замонавий клиникалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Наманган давлат университетида Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма тиббиёт факультети очилди. Мазкур илм даргоҳига даволаш иши, педиатрия, стоматология ва фармацевтика йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинган. Бу саъй-ҳаракатлар яқин орада соҳа учун етишмовчилик сезилаётган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.
Хориж билан алоқалар ривожланиб боряпти. Ўнлаб шифокорлар чет элда малака оширишаётган бўлса, АҚШнинг Мичиган университети ва қатор тиббиёти ривожланган давлатларнинг тадбиркорлари билан тиббиёт ва фармацевтика йўналишида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Россиянинг Свердловск вилояти ва Қозоғистон Республикаси тиббиёт муассасалари билан қатор келишув ва меморандумлар имзоланган.
Тадбирда мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.