“Касаба чевар”нинг харидоргир маҳсулотлари
Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги “Касаба чевар” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган 50 турдаги трикотаж маҳсулотлари дизайни ва сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги “Касаба чевар” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган 50 турдаги трикотаж маҳсулотлари дизайни ва сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.Бугунги кунда вилоятда 6 минг 951 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, улар асосан қурилиш материаллари, истеъмол ҳамда ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, аҳолига намунали хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида хусусий секторнинг ҳудудий ялпи маҳсулотдаги улуши қарийб 26 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, вилоят иқтисодиётида ушбу тармоқнинг улуши йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда, – дейди корхона директори Аваз Худоёров. – Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Ўн бешта замонавий тикув дастгоҳи билан жиҳозланган цехимиз маҳсулотлари сифати ва бежиримлиги билан ички бозорда мустаҳкам ўрин эгалламоқда. 16 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган цехда айни пайтда болалар, эркаклар ва аёллар учун замонавий либослар тайёрланаётир.
Корхона буюртма асосида ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 35 миллион сўмлик трикотаж маҳсулотлари харидорларга етказиб берилди. Келажакда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳисобига ишчилар сонини янада кўпайтириш режалаштирилган.
Айни пайтда бу ерда хотин-қизлар учун ўқув курслари ташкил этилиб, уларнинг касб эгаллашига кўмаклашиш борасида ҳам изланишлар олиб борилмоқда.