Карантин хизмати — деҳқонга кўмакчи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида 260 гектардан ортиқ майдонда саноатлашган замонавий иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, ушбу майдонлардан самарали фойдаланиш орқали йил давомида маҳсулот етиштириш имконияти яратилган.
Аниқ ихтисослашув асосида иссиқхоналарнинг 86 гектарида помидор, 24 гектарида бодринг, 4 гектарида эса булғор ва аччиқ қалампир парвариш қилинмоқда.
Юқори ҳосилдорликни таъминлаш, ўсимликларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда фитосанитар талабларга қатъий риоя этиш мақсадида тизимли фитомониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 2026 йил 15 январдан 16 февралга қадар эълон қилинган “Долзарб 30 кунлик” тадбирлари доирасида амалга оширилмоқда.
Тадбир доирасида “Карантин хизмати — деҳқонга кўмакчи” шиори остида ҳудудлардаги иссиқхоналарда зарарли организмларга қарши уйғунлашган кураш чоралари қўлланилмоқда. Карантин инспекторлари агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни хатловдан ўтказиб, фитосанитар назоратни кучайтирган.
Шунингдек, фитосанитар лаборатория мутахассислари сайёр мобил лабораториялар орқали жойларда тезкор таҳлил ишларини амалга оширмоқда. Ўсимликлардан намуналар олиниб, таҳлил натижалари асосида деҳқонларга амалий тавсиялар берилмоқда. Бу эса касаллик ва зараркунандалар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА