Капитал бозори ривожлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" давлат унитар корхонаси "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" акциядорлик жамиятига айлантирилади ва унинг фаолияти Марказий банк томонидан тартибга солиб борилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб давлат ва корпоратив қимматли қоғозлар ягона ҳисоби "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" акциядорлик жамиятида юритилади.
2028 йил 31 декабрга қадар "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ, "Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ ва "Тошкент" республика фонд биржаси" АЖ дивидендларни ҳисоблаш ва тўлашдан озод қилинади, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги "Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-90-сон қарори 1-бандида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2028 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Солиқ тўловчининг солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг юз бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи ва бошқа даромадларидан маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган даромадлари ўн икки ой ичида қайтариб олмаслик шарти билан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.
Қимматли қоғозлар фонд биржаси листингига киритилмаган акциядорлик жамиятларининг расмий веб-сайти бўлиши ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади, бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари мустасно.
Капитал бозори соҳасида аввал берилган лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ўз кучини сақлаб қолади, мазкур қарор қабул қилинганлиги уларни бекор қилиш ёки ўзгартиришга олиб келмайди.
Қарор билан 2023-2025 йилларда капитал бозорини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" ҳам тасдиқланди.
ЎзА