Капитал бозори инфратузилмаси ривожлантирилади
Миллий капитал бозорини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янгилашга қаратилган “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.
Ҳужжатда капитал бозорида молиявий воситалар турини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш ва бозор иштирокчилари учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган қатор янги механизмлар назарда тутилмоқда.
Хусусан, замонавий молиявий воситаларни жорий этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда профессионал иштирокчилар фаолиятини тартибга солиш бўйича аниқ ҳуқуқий нормалар белгиланмоқда.
Лойиҳа билан капитал бозори инфратузилмаси ривожлантирилади ва профессионал иштирокчиларнинг фаолияти такомиллаштирилади, қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари кенгайтирилади.
Йиғилишда қонун лойиҳасининг ҳар бир нормаси атрофлича кўриб чиқилди. Уларни амалиётда қўллаш имкониятлари, бозор иштирокчилари учун яратиладиган шароитлар ҳамда инвесторлар манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.
М.Комилова,
ЎзА