Камилла Раҳимова «Cincinnati Open» турнирида навбатдаги рақибини кутмоқда
АҚШнинг Цинциннати шаҳрида теннис бўйича WTA 1000 туркумига кирувчи «Cincinnati Open – 2026» мусобақаси қизғин паллага кирди. Унда Ўзбекистон шарафини Камилла Раҳимова, Мария Тимофеева ва Полина Кудерметова ҳимоя қилмоқда.
Мусобақа асосий тўрининг илк даврасида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова австралиялик Кимберли Бирреллга қарши кортга чиқди ва ушбу баҳсда ишончли ҳаракат қилиб, рақибини 6:2, 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Энди Камилла Раҳимовани турнирнинг навбатдаги даврасида грециялик Мария Саккарига қарши муҳим беллашув кутиб турибди.
Полина Кудерметова эса асосий тўрга чиқиш учун ўтказилган саралаш баҳсларида иштирок этди. У дастлаб мезбонлар вакили Кэрол Янг Су Линни енгиб, саралашнинг финал босқичига йўл олди. Бироқ, ҳал қилувчи баҳсда хитойлик Ван Сиюга мағлуб бўлиб, мусобақадаги иштирокини якунлади.
Яна бир вакилимиз Мария Тимофеева бугун мусобақадаги илк учрашувини чехиялик Катерина Синяковага қарши ўтказади.
23 августга қадар давом этадиган «Cincinnati Open – 2026» турнирининг умумий соврин жамғармаси 7 миллион 433 минг 76 АҚШ долларини ташкил этади.
Мусобақанинг ярим финал баҳслари 22 август, финал учрашуви эса 23 август куни ўтказилади. Яккалик баҳсларида чемпионликни қўлга киритган теннисчи WTA рейтинги учун 1000 очко ҳамда 1 миллион 85 минг 220 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига эга бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА