Камбағалликни қисқартириш бўйича штаб – амалий ҳаракатда
Энг муҳими, ишлар маҳалла ва оила кесимида аниқ натижага йўналтирилмоқда. Яъни, ҳар бир хонадон бўйича мавжуд имконият, меҳнат салоҳияти ва даромад манбалари ўрганилиб, оилани камбағалликдан чиқаришга хизмат қиладиган аниқ чоралар белгилаб борилмоқда.
Президент топшириқлари - амалда! (рукн)
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишга қаратилган ишлар янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Президентимиз раҳбарлигида шу йил 9 сентябрь куни аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида туманда маҳаллалар кесимида манзилли ишлаш, ҳар бир оила билан алоҳида иш олиб бориш ва мавжуд имкониятларни ишга солишга юзасидан амалий чоралар кучайтирилди.

“Ҳар бир оила – даромадли, ҳар бир фуқаро – банд!” шиори остида ташкил этилган туман ҳокимлигининг камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман ҳокимлиги штабида асосий эътибор аҳолига шунчаки ёрдам кўрсатиш эмас, балки ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаини шакллантириш, меҳнат қилиш истагидаги фуқарони иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга жалб этиш орқали оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилмоқда.
Айни шу мақсадда маҳаллаларда бўш турган бино ва ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Мастер режалар асосида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан ҳаракатлар бошланган.

Қаровсиз ва самарасиз фойдаланилаётган ерлар, эски боғлар аниқланиб, уларнинг ўрнида интенсив боғлар ташкил этиш, ердан унумли фойдаланиш орқали аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш чоралари кўрилмоқда.
Кўп қаватли уйлар ҳудудларида ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари ва ноқонуний қурилмалар масаласини қонуний тартибда ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур жараёнда маҳалла фаоллари билан бир қаторда нуронийлар ва туман Кенгаши депутатларининг жамоатчилик билан ишлашдаги иштироки янада кучайтирилмоқда. Аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини самарали ташкиллаштириш, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга йўналтириш ҳамда ҳар бир ҳудуддаги муаммога жойида ечим топиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Сатторов бошчилигидаги штаб фаолиятидаги ёндашувнинг моҳиятида ҳар бир маҳаллада имконият излаш, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш, бўш турган ресурсларни иқтисодий фаолликка жалб этиш ва аҳоли учун доимий даромад манбаларини кўпайтириш ҳаракати ётибди.

Бу ишлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини қоғозда эмас, балки маҳаллалар ва оилалар ҳаётида аниқ натижага айлантиришга қаратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири