Камбағалликдан фаровонлик сари:“Аёллар дафтари”дан миллионлик даромадгача
Бугун мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Айниқса, “Аёллар дафтари” тизими орқали кўплаб хонадонларда янги имкониятлар эшиги очилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш даражаси яхшиланмоқда. Қашқадарё вилояти Миришкор туманида истиқомат қилувчи Улуғой Раимованинг ҳаёт йўли бунинг яққол исботидир.
Бундан бир неча йил аввал оиладаги иқтисодий қийинчиликлар Улуғой опани ҳам қаттиқ ўйга соларди. Турмуш ўртоғининг топган даромади рўзғор эҳтиёжларини тўлиқ қоплашга етмас, уй бекаси эса оилага қўшимча даромад келтириш йўлларини изларди. Аввалига маҳаллий зотли товуқлардан боқиб кўрди. Бироқ бу кутилган натижани бермади. Турли ташкилотларга иш излаб мурожаат қилди, аммо муносиб иш топишнинг иложи бўлмади.
Мана шундай кунларнинг бирида маҳалла фаоллари унинг хонадонига ташриф буюрди. Суҳбат давомида оиланинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, Улуғой Раимова “Аёллар дафтари”га киритилди. Шу тариқа уни қўллаб-қувватлаш ва даромадли меҳнатга йўналтириш ишлари бошланди.

Дастлаб унга имтиёзли кредит асосида тадбиркорликни йўлга қўйиш таклиф этилди. Бироқ Улуғой опа ўз имкониятларига таянган ҳолда иш бошлашни маъқул кўрди. Маҳалла еттилиги тавсияси билан турли лойиҳаларни ўрганиб чиқди ва ўзига яхши таниш бўлган паррандачилик соҳасини танлади.
Шундан сўнг у мазкур йўналишда тажрибага эга тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, бозор талабини ўрганди. Изланишлар натижасида бройлер курка парвариши юқори даромад келтириши мумкинлигини англади. Бухоролик тадбиркор билан ҳамкорлик ўрнатилиб, дастлабки жўжалар харид қилинди.
Оила аъзолари бирлашиб, ҳовлида махсус парвариш жойи қурди. Ишга жиддий ёндашув ва меҳнат самараси ўзини кўп куттирмади.
– Аввалига бироз иккиланганмиз. Чунки бу турдаги куркаларни аввал боқиб кўрмаган эдик. Аммо мутахассислар маслаҳати ва ўз меҳнатимизга ишонч бизга куч берди, – дейди Улуғой Раимова. – Илк бор 30 та жўжа олиб келганмиз. Бир дона жўжани 120-130 минг сўмдан сотиб олган бўлсак, тўрт ой парваришдан кейин ҳар бирини қарийб бир миллион сўмгача сотдик. Шундан кейин фаолиятимизни кенгайтиришга қарор қилдик.

Ҳақиқатан ҳам, меҳнат ва тўғри ҳисоб-китоб оилани янги босқичга олиб чиқди. Дастлаб Улуғой опанинг шахсий ташаббуси сифатида бошланган иш кейинчалик бутун оиланинг асосий даромад манбаига айланди.
Турмуш ўртоғи Баҳодир Раимовнинг таъкидлашича, бошида бу машғулотни оддий қизиқиш деб ўйлаган.
– Кейинчалик унинг иқтисодий самарасини кўргач, бу ишга жиддий киришдик. Ҳозир мингтагача курка парваришлаш имкониятига эгамиз. Туман бозори ва атрофдаги маҳаллаларни сифатли парранда гўшти билан таъминлаб келмоқдамиз. Энг муҳими, харидор қидириб юришга эҳтиёж йўқ. Маҳсулотимизга талаб юқори, – дейди у.
Бугунги кунда мазкур оиланинг йиллик даромади 300 миллион сўмдан ошган. Оила ўз турмуш шароитини яхшилаб, тўй-тантаналарини ўтказди, енгил автомобиль харид қилди ва энг муҳими, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Улуғой Раимованинг ютуғи фақатгина ўз оиласи билан чекланиб қолмаяпти. У бугун маҳалладаги кўплаб хотин-қизлар учун ҳақиқий мотивация манбаига айланган. Уй бекаларини даромадли меҳнатга жалб этиш мақсадида уларга жўжалар етказиб бермоқда, парваришлаш сирларини ўргатмоқда ва амалий маслаҳатлар бериб келмоқда.
Натижада ўнга яқин хонадонда куркачилик йўналишида янги тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Илгари ишсиз бўлган хотин-қизлар бугун ўзини ўзи банд қилиб, оиласига муносиб даромад келтирмоқда.
Миришкор тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Холида Ҳамроеванинг таъкидлашича, кейинги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, жорий йилда туманда 2 минг 297 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 111 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 10 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, юзлаб хотин-қизлар лидер тадбиркорларга бириктирилиб, касб-ҳунар ва тадбиркорлик асосларига ўқитилди. Тижорат банклари томонидан 375 нафар фуқарога 5,7 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, давлат дастурлари доирасида туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи махсус марказлар ташкил этилган бўлиб, улар орқали ўнлаб аёллар доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Улуғой Раимованинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: инсонга имконият, кўмак ва ишонч берилса, у нафақат ўз тақдирини, балки атрофидаги инсонлар ҳаётини ҳам ўзгартира олади. Бугун “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватланган минглаб хотин-қизлар каби Улуғой опа ҳам камбағалликдан фаровонлик сари одимлаб, маҳалладошларини ҳам даромадли меҳнатга чорламоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири