Камбағалликдан чиқаришнинг энг тўғри йўли
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “BMB HOLDING” компанияси томонидан Жиззах вилоятида бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Арнасой тумани оқар сув борадиган сўнгги "қулоқ" бўлиб, сарфланган харажатлар ўзини оқламаган бўлсада, 20 - 25 йил муқаддам бу ерларга асосан пахта ва ғалла экиб келинди. Охир- оқибат уларни шўр босди. Энди эса шу майдонлар ўзлаштирилиб, илмий ва инновацион ёндашув асосида помидор кўчатлари экилди ва улардан ҳозир мўл ҳосил олинмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг моддий таъминотини яхшилаш бугунга келиб, компаниянинг бош мақсадларидан бирига айланди.

Бу ерда биринчи навбатда мутахассислар томонидан махсус лабораторияларда тупроқ унумдорлиги таҳлил этилиб, шунга кўра, қишлоқ хўжалиги экинлари учун эртанги кунда қайси касалликларга қарши агротехник тадбирлар олиб бориш ҳам олдиндан режа қилинади.
– Туманимиз асосан пахта ва ғаллага ихтисослашган бўлиб, баъзида бўш майдонларга мош экиларди, – дейди Арнасой тумани ҳокими ўринбосари Хайриддин Суяров. – Лекин охирги 2 йилда “BMB HOLDING” томонидан синов тариқасида сабзавот, жумладан, помидор экиш амалиётининг жорий қилиниши ўзини оқлади деб бемалол айтиш мумкин. Муаммонинг энг муҳим томони эса сув билан боғлиқ бўлиб, Арнасой кенгликларида қишлоқ хўжалиги экинларига сув етказиб бериш Ҳолдинг компанияси томонидан ҳал этилмоқда.

Масалага янада жиддийроқ ёндашадиган бўлсак, ҳар бир помидор кўчати остига 40-45 фоизгача сувни тежаш имкониятини берадиган “Agro Nano Gel Basic” гидрогели қўлланилмоқда. Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, айнан мазкур модда қўлланилган майдонларда ҳар бир туп помидордан олинадиган ҳосил одатдагига қараганда 3-4 килограмгача кўпайганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
“BMB AGRO” майдонларига экиладиган помидор навлари ҳам илмий ёндашув асосида танланганлиги ҳар қандай кишининг эътиборини тортиши, шубҳасиз. Биринчи галда бозорбоп, харидоргир, қолаверса, катта майдонларда қайта ишлашга мўлжалланган навлар парваришланмоқда. Ҳолдинг компанияси бу борада яна бир эътиборли ишни йўлга қўйганки, бу ҳам бўлса, уруғчиликни шу ернинг ўзида йўлга қўйиш, янги навлар устида изланишлар олиб боришдир. Бунинг натижасида Арнасой тумани иқлимига мослаштирилган “Агронур-78” нави яратилган бўлиб, унинг ўсиш даври 110-120 кунни, бир тупдаги ҳосил ўртача 4-5 килограммни ташкил этади. Мазкур нав асалликларга чидамли, қайта ишлашга жуда қулайлиги билан ҳам ажралиб туради.

Туман далаларга “Ред Стар-F1”, “Риогранд” каби помидор навлари ҳам экилиб, улар бугунгача синовдан самарали ўтди ва соҳа илмий ходимлари томонидан харидорларга тавсия этилмоқда.
– Бугунги кунда ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш – қишлоқ хўжалигида катта аҳамиятга эга бўлиб, помидор кўчатларини экиш жараёнида 500 нафарга яқин доимий ва мавсумий ишчилар иштирок этмоқда, – дейди “BMB AGRO” корхонаси бош директори Баҳром Қаршибоев. – Ўтган йили 20 гектар майдонни ўзлаштириб кўчат қадаган бўлсак, бу йил помидор майдонларини 50 гектарга етказишни режалаштирганмиз. Мазкур жараён орқали нафақат ҳосил олишни, балки замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этишни ҳам мақсад қилганмиз.
Мухтасар қилиб айтганда, мақсад – аввало ички бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни тўла қондириш, мазкур маҳсулотларни қайта ишлаб экспортга чиқариш, қолаверса, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда, уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ва камбағалликдан чиқаришдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари