Камбағал оилаларнинг даромади оширилди
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартиш ва бандлик вазирлигида “Барқарор ривожланиш ойлиги” доирасида “Муносиб меҳнат ва самарали бандликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида мулоқот бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашнинг энг устувор йўналишларидан бири. Қувонарлиси, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг янги ёндашуви оилага шунчаки ёрдам бериш эмас, балки уни барқарор даромад манбаига олиб чиқишга қаратилган.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш юзасидан Президентимизнинг 3 та фармони, 6 та қарори ва Ҳукуматнинг 10 дан ортиқ қарорлари қабул қилиниб, камбағалликни қисқартиришнинг ягона тизими шакллантирилди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ўтган йили 761 мингта оила, яъни 3,2 миллион нафар аҳоли учун индивидуал режалар ишлаб чиқилди. Камбағал оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 2,2 триллион сўмлик кредит, 265 миллиард сўмлик ссуда ва субсидиялар ажратилди.
Камбағалликни қисқартиришнинг янги механизмларини синовдан ўтказиш мақсадида 2025 йилда 32 та йўналишда пилот лойиҳалар амалга оширилди. “Компания — кооператив — деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 484 та кооператив ташкил этилиб, 16 минг нафар камбағал оила аъзоси жалб қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ 86 мингта камбағал оила, яъни 384 минг нафар аҳоли индивидуал режалар асосида 105 мингта хизмат билан қамраб олинди. Режа 162 фоизга бажарилди. Натижада 22 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 66 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 4 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.

Шунингдек, депутатлар вазирликнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, рақамли тизимлари, электрон хизматлари ва инновацион лойиҳалари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлари билан танишди.
Мулоқот давомида айнан шу натижалар ва янги механизмлар асосида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган мақсадларига эришиш, ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Якунда муҳокамалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА