“Калейдоскоп”дан сара асарлар ўрин олди
Пойтахтимиздаги Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Калейдоскоп” номли кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. Унда 17 нафар рассомнинг турли услубда ишланган 40 га яқин сара асарлари намойиш қилинди.
Халқаро маданият карвон саройи бадиий фонди 2007 йилда шаклланган бўлиб, йилдан йилга таниқли ва ёш рассомлар асарлари билан бойиб бормоқда. Ушбу асарлар йилда бир марта томошабинларга кўргазма тарзида намойиш қилинади.


Бу йилги кўргазмадан Анатолий Бобровнинг Ч. Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романига ишланган иллюстрацияси, автолитографиялари, Хуршид Сатторовнинг “Эски Бухоро”, Владимир Назаровнинг “Тошкент” асарлари жой олди.

Шунингдек, Галина Лининг “Асирга олишди”, Япон эртаклари: “Қўрқинчли Матик”, “Танаки хохотун”, “Ямахори, уйланишни истаган йигит”га ишланган иллюстрация, автолитографиялари, Моҳира Раҳмонованинг “Хаёллар парвози”, “Она ва болалар”, Медат Кагаровнинг “Шиддат”, “Ғолибга шон-шарафлар”, “Кун”, “Турфанга илк ташриф”, литография, “Баҳор”, Гулзор Султонованинг “Бахт қуши”, “Шоир изтироби”, Буюк Ипак йўли”, Галина Наумованинг “Олмали натюрморт, “Гуллар билан натюрморт”, “Эски қумғон” асарлари ўрин олган.
Шу билан бирга кўргазмадан Рухшона Ҳошимова, Радик Азизов, Евгений Пак, Муҳаммад Фозилий, Ш.Маҳмудов, Фазлиддин Анваров, Муҳиддин Рисқиевнинг асарлари ҳам ўрин олган.
Гулноза Бобоева, ЎзА