“Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорга ёш мутахассис учун даромад ва ижтимоий солиқ бир йил ичида 1 фоиз этиб белгиланишини эълон қилди. Бу 200 мингга яқин олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорлар учун катта рағбатга айланади.
Ҳозирда ижтимоий реестрга кирмаган, лекин ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизмат, миграция ва жазони ўтаб қайтган, жисмоний имконияти чекланган яна 1 миллион ёшларимиз бор. Уларга озгина ёрдам берилса, ўз йўлини топа олади.
Бундай ёшлар билан ишлаш бўйича “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади. Бу жараёнда “устоз-талаба” дастури асосида уюшмаган ёшларни ўқитиб, олийгоҳга киришига кўмаклашган талабаларга магистратурага киришда қўшимча балл, давлат стипендияларини олишда устуворлик берилади.
Ҳозирда савдо, сервис, ишлаб чиқариш соҳаларида ўз брендига эга минглаб ёшларимиз бор. Президентимиз уларни уюшмаган тенгдошларига бизнесни ўргатишга, ўз бренди асосида ишлашга шароит яратиб, даромад топишига кўмаклашишга чақирди.
Шу мақсадда “Ёшлар мини-франшизаси” дастури ишга туширилади. Уларга фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли шартларда ер ва кредит берилади.
Маҳаллий брендлар франшизасини оладиган йигит-қизларга Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Мазкур дастурларни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм йўналтирилади.
ЎзА