Кадрлар тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари муҳокама этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашувлар: киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Мазкур тадбир давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими учун рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш, айниқса киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларида малакали мутахассисларни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28809]
Конференцияда хорижий ва маҳаллий экспертлар, олимлар, амалиётчи мутахассислар иштирок этиб, рақамли трансформация шароитида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашда илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизимига инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Тадбир доирасида кибержиноятчиликка қарши курашиш механизмларини кучайтириш, сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш, рақамли далиллар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Якунда иштирокчилар томонидан соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, замонавий таълим стандартларини жорий қилиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Камола Юсупова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА