Кадрлар тайёрлаш – муҳим масала
Нукусда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Нукусда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ва Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бераётгани таъкидланди.
Тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уни қайта ишлашда муҳим омил бўлмоқда.
– Мамлакатимизда фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши масъул ходими Жамол Қайпназаров. – Жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришда фермер хўжаликлари алоҳида аҳамият касб этаётир. Соҳага ёшларни жалб этиш, кўптармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари яратиш устувор вазифалардан бири. Мазкур тадбирда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва соҳа учун ёш кадрларни тайёрлаш, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилгани аҳамиятли бўлди.