Кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари билан мулоқот
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Онлайн тартибда ташкил этилган учрашувда соҳага оид бир нечта масалалар танқидий-таҳлилий кўрилди.
Мулоқот аввалида давлат бошқарувини сифат жиҳатдан янада яхшилаш, давлат хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш, ушбу ҳужжат негизида халқимизга сифатли хизмат кўрсатиш масаласи муҳокама этилди.

Соҳага оид қатор масалалар юзасидан мавжуд ҳолат батафсил таҳлил этилди.
hrm.argos.uz электрон платформасида ходимларнинг маълумотларини тўлиқ киритиш, қисқа муддатда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган кўрсаткичлар асосида вазирлик ва идораларнинг инсон ресурларини бошқариш бўйича фаолиятини баҳолаш рейтингини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида жорий йилнинг 7 сентябрдан бошланадиган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси бўйича ўқувларни сифатли ташкил этиш, мазмун-моҳиятини давлат хизматчиларига етказиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Вазирлик ва идораларда давлат фуқаролик хизматчиларининг сифат таркибини ўрганиш, вазирлик, идора ва ҳокимликлардаги талабгор йўналишлар учун "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан ҳамкорликда мақсадли квота белгилаш бўйича фикрлар билдирилди.
Ҳар бир йўналишдаги мавжуд ҳолат мисоллар ёрдамида танқидий-таҳлил қилинди. Соҳани ривожлантиришда, давлат хизмати жозибадорлигини оширишда кадрлар билан ишлаш бўлинмалари вакилларининг ўрни алоҳида эканлиги яна бир бор таъкидланди.
Қисқа муддат ичида юқорида кўрсатилган масалалар ижросини сифатли таъминлаш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, самарадорлиги юқори бўлган кадрлар билан ишлаш бўйича масъуллар рағбатлантирилиши билдирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА