Кабель заводи фаолияти ўрганилди
Айни кунларда пойтахтимиз атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда кўплаб ташкилот ва идоралар, жамоатчилик вакиллари, фуқаролар, маҳаллалар фаоллари иштирок этмоқда.
Шу жумладан, халқ вакиллари ҳам бир қатор объектларда бўлиб, экологик талабларнинг бажарилиши ҳолати устидан депутатлик назоратини олиб боришмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Литвинова пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган “ProCab” кабель заводи фаолияти билан танишди.

Қўшма корхона директори А.Камилжонов ишчи гуруҳ аъзоларига кабель-юмалоқ маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши, қадоқланиши ва кейинги транспортировка технологиялари бўйича тўлиқ ахборот тақдим этди. Шунингдек, экология масаласига оид саволларга атрофлича жавоб берди.
Ишчи гуруҳ томонидан корхонада экологик талабларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тозалаш иншоотларининг ҳолати, фильтрлаш тизимлари, чиқиндиларни бошқариш тартиби ҳамда ички экологик назоратнинг юритилиши кўздан кечирилди.

Ўрганишлар давомида тозалаш иншоотларининг барқарор ишлаётгани, чиқиндиларни тозалаш жараёнларининг автоматлаштирилгани ва назорат ўлчовлари мунтазам олиб борилаётгани кузатилди.
Корхона мутасаддиларига экологик назорат тизимини янада такомиллаштириш ва энергия тежамкор технологиялар қўлланишини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
М.Комилова,
ЎзА