Кўзи ожиз китобхонларга китоблар етарлими?
Шаҳрихон тумани Найнаво қишлоғида яшовчи Зокиржон Тошпўлатов туғма ногирон, кўзлари бу ёруғ оламни кўра олмайди
Шаҳрихон тумани Найнаво қишлоғида яшовчи Зокиржон Тошпўлатов туғма ногирон, кўзлари бу ёруғ оламни кўра олмайди. Лекин унга яратган онг-тафаккур инъом этган. Махсус усулда ўқиш-ёзишни ўрганган, китоб ўқийди, шеърлар ёзади.
– Китоб ўқишни жуда ёқтираман, – дейди Зокиржон Тошпўлатов. – Шу боис, ота-онам менга брайль ёзувида чоп этилган янги китобларни топиб беришга ҳаракат қилади. Бироқ, ота-онамнинг бундай китобларни топишга қийналишларини биламан. Телевизорда ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида кўп эшитаман. Қани энди чекка-чекка қишлоқларда ҳам биз каби инсонлар учун Брайль ёзувида чоп этилган қизиқарли китоблар топиш осон бўлса? Бундан жуда хурсанд бўлар эдим.
Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилоятида 8 минг нафарга яқин кўзи ожиз инсонлар истиқомат қилади. Бугун вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, қулай шароит яратиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган, – дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори Холидахон Умарова. – Дастурга асосан, мутахассисларимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни ахборот-кутубхоналарга тўлиқ қамраб олиш учун вилоятдаги 1-, 2- ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати шакллантирилади. Рўйхат асосида кўзи ожиз ногиронлиги бор шахслар яшайдиган туман ва шаҳарларда кўзи ожизлар учун кутубхонамиз филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳозирда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Кўзи ожизларга мўлжалланган кутубхоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ана шу кутубхоналарда фаолият юритаётган кутубхоначиларнинг электрон техника воситалари асосида хизмат кўрсатишини йўлга қўйиш, шунингдек, брайль ва аудио китоблар фондини бойитиш, кўзи ожиз бўлган китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, кутубхонага кела олмайдиган фойдаланувчиларга китобларни буюртма асосида элтиб бериш, уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари, талабларидан келиб чиқиб ишлар ташкил этилмоқда.
Айни кунда вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси 46 минг 234 нусха китоб фондига эга бўлиб, шундан 11 минг 539 нусхаси буюртма нуқтали адабиётлар, 8 минг 189 нусхаси электрон диск ҳолатдаги гапирувчи адабиётлардир. Кутубхона китоб жамғармасини янги адабиётлар билан тўлдириш бўйича ҳам зарур ишлар бажарилмоқда.
Бундан ташқари, кутубхона жамоаси томонидан кўзи ожиз ногиронлиги бўлган фойдаланувчилар ўртасида “Энг фаол китобхон”, “Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” каби кўрик-танловларни ўтказиш, брайль алифбосида адабиётларни кўпайтириш, шунингдек, аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студияси ташкил этиш, кўзи ожизлар учун интернет орқали аудио китоблардан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда кўзи ожизлар кутубхоналаридан фойдаланувчилар сафи ортиб бормоқда, хизмат кўрсатиш кўлами ҳам кенгаймоқда Бугунги кунда вилоятдаги кўзи ожиз фуқароларнинг 6 минг нафардан ортиғи туман ва шаҳарлардаги мавжуд 9 та махсус кутубхоналарига қамраб олинган.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси шаҳар ва туманлардаги кўзи ожизлар кутубхоналари учун методик марказ ҳисобланади. Малакали мутахассислар томонидан уларга услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Ходимларининг билими, касбий малакасини оширишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.