Журналистлар учун медиа-тур
Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Хўжайли туман ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирда туман фермер хўжаликларида пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, тадбиркорлик субъектлари томонидан бандлик масаласининг ҳал қилиниши ҳолатлари ўрганилди.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб “Мустақиллик” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Курегенов Алпамис” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. А.Зайров раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги 2019 йили ташкил этилган бўлиб, жами 37,5 гектар майдонга эга. Фермер хўжалигида 110 бош қорамол боқилмоқда. Бундан ташқари, парранда, йилқи, қўй, наслли эчки ҳамда туялар ҳам парвариш қилинмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари аҳолини арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Иштирокчилар тумандаги “Бек тех агро” масъулияти чекланган жамиятда теримчи- ҳашарчиларга яратилган шароит, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, “Жайхун” шаҳарча фуқаролар йиғинидаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Тадбир якунида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, бўш иш ўринларини аниқлаш, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида бўлим томонидан 1 минг 592 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланиб, 367 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 337 нафари касбий таълимга жалб қилинди. 462 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш борасида ташкилий ишлар амалга оширилиб, 9 минг 869 та янги иш ўрни яратилди.
[gallery-14174]
Ҳудудда кам таъминланган, ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни имтиёзли кредитлар ҳисобидан тадбиркорликка жалб қилишда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг хизмати катта бўлмоқда. Жумладан, улар кўмагида 4 минг 452 нафар кишига чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона, боғдорчилик ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида жами 46 миллиард 447 миллион сўм кредит ажратилди. Натижада туманда 551 та янги тадбиркорлик субъекти фаолиятини бошлади.
Маҳаллалар бўйича бугунги кунда 5,1 миллиард сўмлик 94 та лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 193 та янги иш ўрни яратилди. Туманда яна 6,1 миллиард сўмлик 113 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, 9 ой мобайнида “Аёллар дафтари”га киритилган 1 минг 825 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, 276 нафарига 1 миллиард 758 миллион сўмдан зиёд кредит ажратилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари