Журналистлар қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тўрткўл туман ҳокимлиги ахборот хизматлари ҳамкорлигида ҳудудда соҳанинг бугунги ҳолати, келгуси режалар ва амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда туман ва республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда матбуот котиблари иштирок этиб, соҳадаги янгиликлар юзасидан батафсил маълумотга эга бўлди. Тадбирда туманда қишлоқ хўжалиги йўналишида бажарилаётган устувор вазифалар ва эришилаётган кўрсаткичлар тўғрисида маълумот берилди. ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Шундан кейин “Пахта ҳосилини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш тизимидаги замонавий ёндашувлар” мавзусида медиа-тур ташкил этилди. Унинг иштирокчилари пахта хомашёсини замонавий технологиялар асосида териб олиш, қабул қилиш ва сақлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
[gallery-31640]
Тадбир иштирокчилари дастлаб “Пахтачи” овул фуқаролар йиғини бўлиб, ҳудудда жойлашган “Пахтачи Назарбек” фермер хўжалигида замонавий пахта йиғим-терими машинаси ёрдамида амалга оширилаётган жараёнлар билан танишди. Хўжаликда 90 гектар ер майдонининг 40 гектарига чигит экилган бўлиб, айни пайтда далаларда ҳосил йиғим-терими уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари Аразмаммат Аллабаев жорий йилда ҳар гектардан 63–65 центнердан мўл ҳосил олишни режалаштирган. Ҳозирда ҳосилни қисқа фурсатларда териб олиш учун ишлар жадал олиб борилмоқда. Замонавий техникалар ва илғор ёндашувларнинг қўлланилиши нафақат меҳнатни енгиллаштирмоқда, балки хирмоннинг баракали бўлишини ҳам таъминламоқда.
Медиа-тур давомида иштирокчилар “Агро Тўрткўл текстиль кластер” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳамда пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Кластер томонидан жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2026 йилги мавсумда пахта етиштирувчи хўжаликлардан жами 20 минг 758 тонна пахта хомашёсини қабул қилиб олиш бўйича тегишли шартномалар тузилган. Шунингдек, тендердан ўтган фермер хўжаликлари билан 110 тонна уруғлик пахта тайёрлаш бўйича ҳам шартномалар расмийлаштирилган.
Бугунги кунга қадар ҳудуддаги хўжаликлар томонидан етиштирилган пахта хомашёсининг умумий миқдори 1 минг 601 тоннани ташкил этади. Шундан 950 тоннаси корхонага ва 651 тоннаси масканларга қабул қилинган бўлиб, машина терими 870 тоннадан ошди. Кластер ва фермер хўжаликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ҳамда илғор технологияларнинг қўлланилиши пахта ҳосилини ўз вақтида, исрофгарчиликсиз йиғиб олиш ва қайта ишлашни таъминламоқда.
Тадбир иштирокчилари шунингдек Элликқалъа туманида ҳам бўлиб, пахта ҳосилини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари билан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари