Журналистлар кластер фаолияти билан танишди
Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ва вилоят инвестиция бошқармаси оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳудудда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши билан таништириш мақсадида Зомин туманидаги “Jizzax Organic” чорвачилик кластерига пресс тур ташкил этди.
Ижодий сафар аввалида Жиззах вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азим Ахмедхаджаев иштирокчиларга ҳудудга инвестицияларни жалб этиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида олиб борилаётган ишлар билан батафсил маълумот берди.
Вилоятда 2020-2022 йилларда умумий қиймати 27,4 триллион сўмлик 604 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Жумладан, саноат йўналишида умумий қиймати 20,6 триллион сўм бўлган 201 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 966,3 миллиард сўмлик 214 та, қишлоқ хўжалигида 5,8 триллион сўм бўлган 189 та лойиҳалар амалга оширилади.
“Jizzax Organiс” чорвачилик клаcтерига 2020 йил 31 октябрь ҳолатига кўра киритилган инвестиция ҳажми 62 миллион долларни ташкил этди. Бунда, эътиборлиси, киритилган инвестицияларнинг 26,88 миллион доллари Ўзсаноатқурилишбанк кредитлари ҳисобланади.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида киритиладиган сармоянинг 5,2 триллион сўмини банк кредитлари ва 1,8 миллиард долларини хорижий инвестициялар ташкил этади. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 22 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
[gallery-121]
Зомин туманида амалга оширилаётган “Jizzax Organic” чорвачилик кластери ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири. Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида амалга оширилаётган қиймати 100 миллион АҚШ доллар бўлган лойиҳа бўйича 10 минг бош гўшт ва 3 минг бош сут йўналишидаги қорамол боқиладиган чорвачилик кластерида барпо этилаётир.
Ушбу лойиҳага оммавий аҳборот воситалари ходимларининг эътиборини жалб этиш учун пресс тур ташкил этилгани бежиз эмас. "Jizzax organiс" клестерини барпо этиш фақат Жиззах вилоятида, эмас, мамлакатимиз агросаноат тизимидаги энг янги инновацион технологиялар асосида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланади.
Шунинг учун республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятда фаолият кўрсатаётган вакиллари ва ҳудуддаги журналистлар қатнашган ушбу ижодий сафар иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди. Тадбир иштирокчилари лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш давомида ушбу чорвачилик кластерини амалга оширишдан кўзланган мақсад, у нима сабабдан айнан шу ҳудудда барпо этилаётгани, бугунгача қилин ишлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
Ушбу лойиҳа кўлами нечоғли катталигини у яқин ўтмишда Зомин ва Зарбдор туманларидаги ўндан зиёд собиқ ширкат хўжаликлари пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланиб келган 10 минг 775 гектар, шу жумладан, 8 минг 964 гектари суғориладиган майдонни қамраб олганлигида ҳам кўриш мумкин.
Жанубий Қизилқумнинг Зомин тумани адирликларига туташган даштларида ўтган асрнинг 70-йилларида ўзлаштирилиб ташкил этилган пахтачилик хўжаликлари ўша даврда ҳам, 2000 йилдан кейин ҳам айтарли самара бермади. Кейинги йилларда ерлардан ширкатлар ҳам, уларнинг ўрнида ташкил этилган фермерлар ҳам на пахтадан ва на ғалладан айтилган ҳосилни ололмай зарарга ишлаб келган. Ишдан чиққан ирригация ва мелорация тизимини тиклашга маблағ йўқлиги натижасида ер захлади, шўрлади, тупроқ унумдорлиги кескин пасайиб кетди.
Ердан кўзланган ҳосилни етиштирилмаслиги ҳудудда ижтимоий муаммоларни чуқурлаштириб юборди, аҳолининг турмуш шароити оғирлашувига олиб келди. Ҳудудда юзага келган вазиятни ўнглаш ердан фойдаланишдаги ёндошувни тубдан ўзгартиришни, катта маблағни талаб этарди. Шунинг учун чорвачилик учун қулай бўлган бу ҳудудда ушбу тармоқни ривожлантириш мавжуд муаммони ҳал этишнинг мақбул йўли сифатида танланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 июлдаги "Жиззах вилоятида гўшт-сут маҳсулотларини етиштириш йўналишидаги агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ҳудудда чорвачилик кластерини ташкил этишга масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Jizzax organiс" чет эл корхонаси жалб этилди. Хорижий корхона ҳудудда сут, гўшт ишлаб иқариш ва қайта ишлаш учун наслли чорвачилик агрокластерини ташкил этишга киришди.
Шу мақсадда вилоят ҳокимининг қарори билан кластерга чорва озуқаси етиштириш учун 10,7 минг гектар ер майдони ажратилди.
Келастер фаолияти давомида охирги ўттиз йилда фойдаланишдан чиқиб қолган ернинг унумдорлигини тиклашда немисларнинг илғор қишлоқ хўжалик технологиялари қўлланилаётир. Бу йил 1,5 минг гектар ер фойдаланишга қайтарилди. Келгуси йил 4,5 минг гектар қайтарилади.
— Ҳозиргача лойиҳага киритилган инвестиция ҳажми 62 миллион АҚШ долларини ташкил этди, — дейди "Jizzax organiс" чет эл корхонаси бош директори Ҳикматилла Каримов. — 2022 йил охиригача 150 миллион доллар ўзлаштирилади. Айни пайтда ингичка толали, мармар гўшт етиштириш учун буқачаларни боқишга киришдик. Шунингдек, бозорга ҳидсиз, пархез қўй гўшти етказиб бериш учун Авсралиядан доплер зотли 2 минг 100 бош қўй олиб келдик. 2022 йилда Европадан 30 литргача сут берадиган Голштин-Фриз зотли сигирлари келтирилиб, осон ҳазм бўладиган А2 сути етказиб берамиз. Бу ишлар илғор технологиялар асосида, хорижлик мутахассислар билан биргаликда амалга оширилаётир.
Журналистларнинг ҳудуд бўйлаб экскурсияси давомида бош чорвадор Родни Гилфорд тушинтириш бериб борди.
– Ишни чорвачилик мажмуасини бунёд этишдан бошлаганмиз, –дейди бош чорвадор. – Jizzax Organic” чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари, энг сўнги илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибаларнинг жамланганлиги билан аҳамиятлидир. Бу, шубҳасиз, гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилади.
Масалан, сут фермаси лойиҳаси билан Италиянинг фирмаси шуғулланаётир. Комплексдаги барча ишлар, сигирларни озиқлантириш, ҳавони мўътадил сақлаш, сут соғиш, хоналарни тозалаш ишлари автоматик тизимда бажарилади.
Пресс тур қатнашчилари Европа технологияси асосида ишловчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган молхона, бу ерда сигирларни озиқлантириш, соғиш, суғориш, озиқлантириш, тагини тозалаш автоматик жараёнлари билан қизиқди.
Моллар учун алоҳида сайр майдончалари мавжуд. Чунки сигирлар қанча кўп юриб, ҳаракатланса, улардан олинадиган маҳсулот миқдори ошади. Ҳар бир молхона махсус совутиш, вентиляция ва ёмғирлатиб чўмилтириш тизимига эга.
Ҳозир комплексда 5 минг бошга яқин Ангус ва Герефорд зотлардан иборат қармол боқиш ҳисобига гўшт етиштиришни йўлга қўйди. Хориждан бир йил аввал келтирилган Ангус зотли 590 бош молдан 220 бош бузоқ олиниб, дастлабки авлод яратилди.
Молларни озуқа билан таъминлашда подани яйловда боқиш асосий усуллардан ҳисобланади. Шунинг учун яйлов учун ажратилган майдонларда ёмғирлатиб суғориш тизими ўрнатилаётир. Шу мақсадда 20 километр магистрал қувур ётқизилди. Ҳозиргача 600 гектар яйлов ва озуқа етиштириладиган майдонда суғориш қурилмалари ишга туширилди. Келгусида бундай қурилма ўрнатилган майдонлар 3 минг 300 гектарга етказиш устида иш олиб борилаётир.
Лойиҳа асосида чорва озуқа билан таъминлаш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан бирга комплекснинг селекцион-генетик маркази фаолиятини ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу лойиҳани амалга оширишдан ички бозорни экологик тоза, арзон ва сифатли маҳсулот билан тўлдириш билан бирга экспортни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳада “Jizzax” Organic ишчи ходимлари учун бутун бир кичик шаҳарча қуриш ва инфратузилмани йўлга қўйиш режаси тузилган. Айни пайтда ишлаб чиқариш мажмуалари билан биргаликда инженер-техник ходимлар, ишчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий кўп қаватли турар жой бинолари, умумий овқатланиш шохобчалари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилмоқда.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА