Журналистлар институт фаолияти билан танишди
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимидаги йирик илмий тажриба маскани ҳисобланган Қибрай туманидаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти Марказий Осиёда қишлоқ хўжалик экинларининг йирик дунёвий коллекциялари сақланаётган ягона маскан ҳисобланади.
Мазкур манзилда журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб ОАВ вакилларига институт фаолияти, Ген-банк ва лабораториялар фаолияти билан таништирилди. Бу ерда илмий экспедициялар уюштириш, интродукция этиш ва коллекцияларга жалб этилган ўсимлик материалларини карантин кўригидан ўтказиш орқали ўсимликларнинг Миллий генофонди янги намуналар билан бойитилади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини лаборатория шароитида ўрганиш орқали уларнинг эволюцияси, филогенияси, систематикаси, иммунитети назарий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган фундаментал ва амалий изланишлар амалга оширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аслида ҳар бир экиннинг маданий ва ёввойи ҳолда ўсувчи турлари, кенжа турлари, шакллари, тизмалари, дурагайлари ва навлари генофондни ташкил этади.
Институтнинг Миллий Ген-банкида 43 мингдан зиёд экин навлари сақланади. Эътиборли жиҳати ушбу навлар орасида 100 йилликлари ҳам бор. Ўсимликлар коллекциялари Марказий Осиё ҳудудида йирик ҳисобланиб, у ботаник, генетик, географик ва экологик хилма-хилликка эга бўлган намуналарни ўз ичига олади. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари ва ундан самарали фойдаланиш глобал иқлим ўзгариши ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Кейинги йилларда эса ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, гармсел шамоллари таъсири, сувнинг танқислиги, шўрланган ерларнинг кенгайиши, касаллик ва зараркунандаларнинг тез ва катта майдонларда тарқалиши ўсимликларнинг унумдорлигини кескин пасайтирмоқда. Бу ҳол селекционерлар олдига янги вазифаларни қўймоқда.
[gallery-12519]
Пресс-турда институт олимлари бу борада журналистлар билан фикр алмашди. Ҳар йили республика ҳудудлари бўйлаб экспедициялар ташкил этилиб, институтнинг қишлоқ хўжалик экинлари генофонди турли хил экинларнинг ёввойи турлари, давр талабига мос, истиқболли янги нав, тизим ва популяцияларига мансуб 50-60 намуналар билан бойитиб борилмоқда. Ҳозирги кунда республика ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига 33 хил экинларнинг 85 нави киритилган.
Шундан донли экинлар – 5 та, дуккакли-дон экинлар – 12 та, мойли экинлар – 9 та, сабзавот экинлар – 21 та, полиз экинлар – 17 та, мева-резавор экинлар ва узум – 20 та, ноанъанавий экинлар – 2 тани ташкил этади. Ҳозирда 4 патент ва 7 хил экин турининг 12 нави қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига районлаштирилди. Дунёнинг йирик ўсимликлар генофондини сақловчи ташкилотлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Миллий марказ ва институтлар билан ҳамкорликда ишлаб келаётган журналистлар муносиб тақдирланди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.