Журналистлар ибрат олса арзигулик тўплам
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари кутубхонаси “ рукнида чоп этилган “Йил “Ishonch”и” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга оммавий ахборот воситалари вакиллари, олий таълим масканларининг журналистика факультети профессор-ўқитувчилари, ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Тақдимот тадбирида бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар жараёни журналистларнинг ҳам тобора фаол ижод қилишга ундаётгани таъкидланди. Бу жиҳатлар “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
– Тўпламни ўқиб шундай хулосага келиш мумкинки, бугун агар ҳар бир инсон ўзини ўзгартирмаса, фидокор шахс сифатида шакллантирмаса, муаммолар ҳақида ҳар қанча гапирилса ҳам, уларни бартараф этиш қийин кечар экан, –деди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. – Истаймизми, йўқми, америкалик ёзувчи ва публицист Теодор Драйзер асарларидаги кўплаб воқеалар бугун бизнинг ҳаётимизда, одамларнинг иш фаолиятида, руҳониятида, одамларнинг ўзаро муносабатларида акс этаётганини кўрдим. Яхши ниятлар билан бошлаган эзгу ташаббусларнинг натижалари жойларда қандай ўз ифодасини топмоқда? “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталарининг журналистлари ўз мақолаларида шуларни теран таҳлил этаётгани эътиборга моликдир.
[gallery-14743]
– Бугун китобга бўлган муносабат бундан 10-15 йил аввалгисидан фарқли равишда кескин ижобий томонга ўзгарди, – деди Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов. – Бу ўзгаришлар замирида мамлакатимизда маънавият, маданият ва ижод аҳлига бўлган эътибор мужассамдир. Китоб миллат маънавиятининг асосий таянчи эканини давлатимиз раҳбари амалда исботламоқда. “Йил “Ishonch”и” китоби Ўзбекистондаги барча ижодкорлар, олимлар, зиёлилар, сиёсатчилар, журналистларнинг жамиятимизда кечаётган жараёнларга, янгиланишларга муносабати дейиш мумкин. Шу билан бирга мазкур китобни Ўзбекистондаги воқеликларнинг ўзига хос энциклопедияси, деб ҳам аташ мумкин. "Бугунги кунда газета қандай бўлиши керак?" деган саволга айнан шу тўплам орқали жавоб олиш мумкин. Шу билан бирга “Газеталар керакми?” деган ноўрин саволга ҳам мазкур тўплам узил-кесил жавоб беради. Дарҳақиқат, газета бугунги кунда “Аёллар дафтари” лойиҳасининг амалий натижалари, аёллар ишсизлиги, оилаларни мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларни кўтариб чиқиши билан бирга, унда “Президентга мактублар”, “Иншолар танлови” каби рукнларнинг мунтазам бериб бораётгани ҳам эътиборлидир.
– Мазкур тўпламнинг чоп этилиши албатта жамоавий ишдир, – деди “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари бош муҳаррири, “Дўстлик” ордени соҳиби Ҳусан Эрматов. – Таҳририятимизда бугунги кунда асосан таҳлилий материаллар ва аналитикага катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур тўплам замондошларимизнинг ранг-баранг фикрларини ўзида жамлаган. Уни жамиятнинг кўзгуси деб ҳам аташ мумкин. Мақолаларда фикрлар хилма-хиллигигига катта эътибор қаратилмоқда.
– Бу китоб журналистика соҳаси учун таҳсил олаётган талабалар дарсга олиб кирадиган, журналистика факультетининг кутубхоналарида туриши керак бўлган китобдир,– деди филология фанлари доктори, таниқли журналист Ҳалим Саидов. – Талабалар энг кўп интиладиган таҳририят бугунги кунда “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари таҳририяти бўлиб қолди. “Йил “Ishonch”и” китобида жамланган материаллар талабалар учун ибратдир.
Маълумот учун шуни айтиш керакки, таҳририят 2018 йилдан буён газеталар саҳифаларида чоп этилаётган салмоқли, долзарб, давр руҳи акс этган мавзулардаги мақолаларни жамлаб, алоҳида китоб ҳолида чоп этиши анъанага айлантирилган. Хусусан, 2018 йилда “Бир йилга бир назар”, 2019 йилда “Ishonch” айтадики...”, 2020 йилда “2020 – миллатни улғайтирган йил”, 2021 йилда “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар...”, 2022 йилда “2022 Нигоҳ” китоблари чоп этилди. Бу йилги китоб эса “Йил “Ishonch”и” деб номланган.
Тақдимот тадбирида устоз журналистлар томонидан янги тўплам хусусида атрофлича фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА