Журналистлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Гулистон шаҳридаги Ҳунармандлар масканида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг ўтган беш йиллик фаолиятига бағишланган ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ориф, вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, вилоят бўлими аъзолари, фахрий журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Беш йил журналистика учун оддий вақт бирлиги эмас, балки касбий шаклланиш, тажриба тўплаш ва ижодий позицияни мустаҳкамлаш даври ҳисобланади. Сирдарё журналистлари учун ушбу йиллар изланиш, янгиланиш ва ижодий ўсиш босқичи бўлди.


Йиғилишда журналистларни қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тайёрлаш ва медиа соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Назорат-тафтиш комиссияси раиси Равшанбек Маҳмудов ҳамда Суюн Намозовнинг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот бериб, рақамлар ортида кенг кўламли ислоҳотлар ва касбий ривожланиш жараёнлари мужассам эканини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, ушбу даврда бўлим аъзолари сони 65 нафардан 91 нафарга етди. Бу журналистик муҳит кенгайиб бораётгани, соҳага янги авлод ижодкорлари кириб келаётгани ва қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Шу даврда 7 нафар янги аъзо қабул қилиниб, 5 нафар ёш журналист аъзоликка тавсия этилди.


Беш йил давомида журналистларнинг касбий салоҳиятини ошириш, амалий тажрибаларни мустаҳкамлаш ва ижодий дунёқарашни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят бўйича 60 дан ортиқ медиатур, 100 дан зиёд маҳорат дарси ва тренинг, 30 дан ортиқ ижодий танловлар ташкил этилди. Бу тадбирлар журналистикада назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтиришга хизмат қилди.
“Сардоба фожиаси оқибатлари ва тикланиш жараёнлари”, “Янги Сирдарё – янги имкониятлар”, “Сув хўжалиги ва инфратузилма ислоҳотлари” мавзуларидаги медиатурлар журналистларни бевосита воқелик билан ишлаш маданиятига яқинлаштирди. Шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрига уюштирилган сафарлар ҳудудлараро касбий ҳамкорликни мустаҳкамлади.

Журналистика нафақат ижодий фаолият, балки ижтимоий масъулият ҳамдир. Ҳисобот даврида 200 нафардан ортиқ журналист ва фахрийларнинг ҳолидан хабар олинди, 90 нафар ижодкор турли совғалар билан тақдирланди, 14 нафар фахрий журналист саёҳатларга юборилди, 30 нафар журналист тиббий кўрикдан ўтказилди, 7 нафар ижодкор ва фахрийлар юбилей саналари муносабати билан эътироф этилди. Бу ишлар соҳада ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Сирдарё журналистлари сўнгги йилларда республика ва халқаро миқёсдаги ижодий танловларда ҳам фаол иштирок этишди. “Олтин қалам” миллий танлови ҳамда “Энг улуғ, энг азиз” каби нуфузли мусобақаларда совринли ўринлар қўлга киритилди. Шунингдек, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг китобхон журналист”, “Энг фаол блогер”, “Энг ибратли журналист оиласи” каби номинациялар ижодий рағбат муҳитини янада кучайтирди. Бир қатор журналистлар давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланишди.


Муҳокама қилинган масалалар юзасидан уюшма аъзолари — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Алиқул Хонимқулов, Холида Пардабоева, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири Муҳаммадали Аҳмедов, фахрий журналист Тоғаймурод Ортиқов, Баҳор Холбекова, “Халқ сўзи” мухбири Аҳмадали Шерназаров ҳамда “Гулистон янгиликлари” газетаси бўлим мудири Баҳодир Раҳмонлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилишда вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев ўз аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди. Йиғилиш қарорига кўра, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими масъул ходими Дилором Исмадиёрова вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди. Унинг номзоди йиғилиш иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.


Шу муносабат билан Бойжигит Абдуллаевнинг 55 йиллик самарали ижодий фаолияти ҳамда уюшма тизимидаги кўп йиллик хизматлари йиғилиш иштирокчилари томонидан юксак эътироф этилди. Унга эсдалик совғалари топширилиб, зарбоф тўн кийдирилди.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари Назорат-тафтиш комиссиясининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ҳисоботини маъқуллашди. Кун тартибига мувофиқ бўлим бошқарувининг янги таркиби тасдиқланди, 2026–2030 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясига делегатлар сайланди.


Якунда вилоят Журналистлар уюшмаси келгуси фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Шунингдек, рақамли журналистикани ривожлантириш, ёш кадрлар улушини ошириш, медиа саводхонликни кучайтириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш вазифалари борасида ҳам бир тўхтамга келинди.

Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА