Журналистлар Чўлпон уй-музейида бўлди
Андижонлик бир гуруҳ журналистлар, соҳа фахрийлари Абдулҳамид Чўлпон уй-музейида бўлди.
Миллатпарвар шоир, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Абдулҳамид Чўлпон таваллудининг 126 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими томонидан шоирнинг уй-музейига саёҳат ташкил этилди.
ХХ аср ўзбек адабиётини Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Чўлпоннинг янгиликка интилиш, ҳурлик, муҳаббат, она юрт, табиат гўзалликлари ҳақидаги ижод намуналари ўзбек адабиётининг бетакрор саҳифаси сифатида тарихга муҳрланган.
Саёҳат иштирокчилари дастлаб Андижон шаҳрининг Чўлпон боғига ўрнатилган шоир ҳайкали пойига гулдаста қўйди. Сўнг Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди. Шоир ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди, Чўлпон шеърларидан намуналар ўқилди.
Шундан сўнг журналистлар Чўлпон уй-музейидаги экспонатлар – китоблар, қўлёзмалар, тарихий фотосуратлар, Чўлпон фойдаланган буюмлар билан танишди. Музей илмий ходими Камолиддин Маматқулов ҳар бир экспонат бўйича батафсил маълумотлар берди, саёҳат иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
[gallery-19660]
– Чўлпоннинг уй-музейга қилинган саёҳатдан кўп маълумотлар олдим, – дейди фахрий журналист Жаннатхон Насритдинова. – Музей унинг ҳаёти, фаолиятига боғлиқ қўлёзмалар, фотосуратлар, китоблар, ашё ва жиҳозлар билан бойитилган экан. Музей экспонатлари билан танишиш асносида Чўлпон ўзбек журналистикаси ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшганлиги ҳақида янада кенгроқ маълумотларга эга бўлдим.
Якунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Ҳабиб Сиддиқ, Умида Эгамбердиева ва ёш ижодкор Муҳаммадрасул Маматқулов ўзларининг янги чоп этилган китобларини музейга топширди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.