ЖССТ: “Ҳантавирус” бўйича глобал хавф пастлигича қолмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус сўзларига кўра, ҳозирда “ҳантавирус” эпидемиясининг бошланишини кўрсатадиган ҳеч қандай аломатлар йўқ ва глобал саломатлик хавфи пастлигича қолмоқда.
Бу ҳақида у Мадридда бўлиб ўтган “ҳантавирус” билан боғлиқ вазият ҳақидаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Гебрейесус ЖССТ Голландия байроғи остидаги “MV Hondius” йўловчи кемасида ушбу вирус ҳолатлари ҳақида биринчи хабар берганидан бери 10 кундан ошиқ вақт ўтганини таъкидлади ва Испания ҳукуматига кемани эвакуация қилишда дарҳол қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.
– 23 мамлакатдан 150 га яқин одам кемада бир неча ҳафта ўтказган ва бу жуда қўрқинчли тажриба бўлса керак, -деди у. – Ҳатто айрим йўловчилар психологик ҳолдан тойган.
Унинг сўзларига кўра, ЖССТ баҳолаши глобал саломатлик хавфи пастлигини кўрсатишда давом этмоқда. Ҳозирда вирусни юқтирганлик бўйича 11 та ҳолат қайд этилган, жумладан, учта ўлим ҳам. Инфекциянинг кейинги тарқалиш хавфини минималлаштириш учун шубҳали ва тасдиқланган ҳолатлар изоляция қилинган ва қаттиқ тиббий кузатув остида.
– Ҳозирда бизда каттароқ эпидемия бошланишига гувоҳ бўлаётган ҳеч қандай белгилар йўқ. Бироқ вазият ўзгариши мумкин. Вируснинг узоқ инкубация даврини ҳисобга олсак, яқин ҳафталарда янги ҳолатлар аниқланиши эҳтимоли бор, -дея қайд этди ЖССТ раҳбари.
Г.Сатторова, ЎзА