“Жўйзар” канали таъмирланмоқда
Бухоро вилоятида бошланган “Жўйзар” каналини бетонлаштириш лойиҳаси нафақат сув хўжалиги тизимини такомиллаштириш, балки минглаб гектар ерларнинг тақдири ва келажак ҳосилини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятдаги сув хўжалиги объектлари фаолияти атрофлича ўрганилди. Ташриф чоғида мамлакатимиздаги энг қадимий суғориш тармоқларидан бири бўлган “Жўйзар” канали ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Мутасаддиларга сув йўқотишларини қисқартириш, суғориш тизими самарадорлигини ошириш ва канални бетонлаштириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Бугунги кунда ушбу топшириқлар ижроси доирасида каналнинг 22,5 километрлик қисмида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа тўлиқ якунлангач, ҳар йили қарийб 12 миллион куб метр сув тежаб қолинади. Бу рақам оддий статистика эмас. У минглаб гектар ерларни қўшимча сув билан таъминлаш, юзлаб фермер хўжаликларининг барқарор фаолияти ва келгуси ҳосил кафолатидир.
Таҳлилларга кўра, очиқ ва тупроқ ўзанли каналларда сувнинг катта қисми ерга шимилиб ёки буғланиб кетади. Айрим ҳолатларда йўқотишлар 30 фоизгача етиши мумкин. Бетонлаштириш эса ана шу йўқотишларни кескин камайтириб, сувни манзилга аниқ ва тез етказиш имконини беради. Натижада бир вақтнинг ўзида ҳам сув тежалади, ҳам энергия сарфи қисқаради, ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлиги таъминланади.

1938 йилда қурилган “Жўйзар” канали қарийб бир аср давомида Бухоро тумани ва унга туташ ҳудудлардаги аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Бугун у 13 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги майдонларини сув билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бироқ вақт ўтиши билан инфратузилманинг эскириши сув йўқотишларининг ортишига сабаб бўлган эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур реконструкция ишлари канал тарихидаги янги босқични бошлаб бермоқда.
Энг муҳими, лойиҳа деҳқон ва фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Сув таъминотининг яхшиланиши қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади, ҳосилдорликни оширади ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга замин яратади.

“Жўйзар” каналини бетонлаштириш лойиҳасига оддий қурилиш объекти сифатида қараш нотўғри бўлар эди. Бу сувни асраш маданияти, замонавий ёндашув ва келажак авлодлар манфаати учун амалга оширилаётган стратегик инвестициядир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири