Жорий йилнинг биринчи чорагида 196 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган
Бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси энергетика тизимида қонун ҳужжатлари ижроси ҳамда давлат назорати бўйича брифинг ўтказди.
Инспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 885 та энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва қоидабузарлик ҳолати аниқланган.
Маълум қилинган рақамларга кўра, 34,6 миллион метр куб табиий газ (101,6 млрд. сўм) ва 49,7 миллион киловатт-соат электр энергиясидан (94,4 млрд. сўм) ноқонуний фойдаланилган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига умумий 196 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун истеъмолчиларга нисбатан 1 599 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Нефть маҳсулотлари сифати бўйича олиб борилган назорат тадбирлари натижасида АЁҚШ ва корхоналардан олинган 180 та таҳлил намунасидан 4 058 тонна сифати паст нефть маҳсулоти аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинди.
Ўзэнергоинспекция томонидан давлат хизматлари кўрсатиш доирасида жорий йилда умумий қуввати 716,5 МВт бўлган 2 478 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулосалар тақдим этилган. Шунингдек, 1 204,8 МВт қувватига эга 1 427 та истеъмолчининг электр қурилмалари техник кўрикдан ўтказилган ва тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Энергетика объектларига тегишли умумий қуввати 20,4 МВт бўлган 140 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилган ва умумий қуввати 5,1 МВт бўлган 110 та объектнинг электр қурилмалари ишга тайёрлиги тўғрисида хулосалар берилган.
Ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича 8 344 та истеъмолчини қамраб олган профилактика тадбири ташкил қилинди. Қуввати 50 кВт ва ундан юқори истеъмолчиларга берилган кўрсатмалар натижасида 2 293 та истеъмолчида реактив энергияни компенсация қилиш қурилмалари ўрнатилди. Бу орқали 19,4 млн. киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Шу билан бирга, берилган кўрсатмаларни бажармаган 11 та истеъмолчига нисбатан маъмурий баённома тузилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА