Жиззахликлар ҳам сайловда фаол қатнашмоқда
Жиззах вилоятидаги 524 сайлов участкасида ҳам Президент сайлови бир вақтда – эрталаб соат 8:00 да, Ўзбекистон Давлат мадҳияси янграши билан бошланди.
– 4-Жиззах округида рўйхатга олинган 792 минг 323 нафар сайловчиларнинг 376 минг 786 нафарини эркаклар, 412 мингдан ортиғини аёллар ташкил этиб, бугунги Президент сайлови куни асосли сабабларга кўра яшаш манзилида бўла олмайдиган 11 минг 672 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган, – дейди 4-Жиззах округи комиссияси раиси Шавкат Шарипов. – 18-30 ёшдаги 260 минг 362 нафар ёшларимизнинг 20 мингдан ортиғи Президент сайловида биринчи маротаба иштирок этмоқда.
Шунингдек, 70 ёшдан юқори бўлган 22 минг 914 нафар овоз берувчи фуқароларимиз ҳам рўйхатга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Барча сайлов участкаларида фуқароларнинг эмин-эркин, ўзлари танлаган номзодга овоз беришлари учун шароитлар яратилган.
[gallery-12658]
Жиззахда халқаро, хорижий ва ички кузатувчилар, сиёсий партиялар ҳамда мутасадди идоралар ва оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган вакиллари, қишлоқ ва маҳалла фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун ҳар бир сайлов участкасида сайловларнинг шаффоф ва адолатли тарзда ўтишини қатъий назорат қилиб турибди.
Президент сайловларида жиззахлик сайловчилар фаол иштирок этмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА