Жиззахдаги “Ўрда” экобоғида Наврўз байрами
“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми” шиори остида Жиззах шаҳрининг “Ўрда” истироҳат ва дам олиш экологик боғида халқимизнинг суюкли айёми – Наврўз тантаналарига бағишланган байрам тадбирлари 20 март куни эрта тонгдан бошланиб кечгача давом этди.
Тўрт фаслни тенг ва бетимсол қилиб берган юртимизга баҳорнинг гўзал шукуҳ, тоза нафаслари ила соғинтириб келиши борлиққа ўзгача латофат бахш этиб турибди. Қаҳратон қаҳрини синдириб, аяможуз совуғини юмшатиб, замин кўрпасини кўтариб чечакларнинг кулиб туриши, боғларда бодом ва ўрикларнинг гуллаши бунёд этилаётган Янги Ўзбекистонга янги кун — Наврўз кириб келганидан дарак бермоқда.
Ер остидаги илдизлар баҳорнинг илиқ ёмғир сувларидан қониб ичмоқда, ниҳол ва новдаларда ҳаёт уйғонмоқда. Ҳар бир майса, ҳар бир гиёҳда яшашга, яшаришга иштиёқ ортаётганини ҳар бир ўзбекистонлик сезиб, ҳис этиб турибди. Тоғ-тошларга урилиб тушаётган сувларнинг шилдираши, баҳор насимининг майин саси, гуллар атрофида парвона бўлаётган асалариларнинг ғувиллаши, шохдан-шохга сакраб қувноқ чаҳ-чаҳ ураётган қушларнинг овози бир бўлиб табиат симфониясини яратмоқда. Бу куй замондошларимиз қалбида ўзгача туйғуларни уйғотиб, бугунги кунига шукроналик келтиради.
Наврўз минг йиллар давомида кишиларда она Ватанга муҳаббат, замин ва табиатни авайлаб асраш туйғусини тарбиялаган, покликка ундаган. Қадимда кун ва тун тенг бўлган паллада аждодларимиз кўча, маҳаллаларни тозалаган, дарахт кўчатлари эккан. Қабристонларни обод қилиб, ўтганлар руҳини шод этган. Беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, йўқсилларга ёрдам кўрсатиш одамийликнинг энг олий мезони бўлган. Зеро, Наврўз одамларни эзгу ишларга даъват этган, қалбларни яхши тилак, ҳис-туйғуларга тўлдирган, меҳр-оқибатли бўлишга ундаган.
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экобоғида барпо этилган муҳташам амфитеатр меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, талаба ва ўқувчи-ёшлар, Белорус, Россия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан келган хорижий меҳмонлар билан тўлди.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев жиззахликларни ва барча тадбир иштирокчиларини Наврўз байрами билан самимий муборакбод этиб, вилоятда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий кўрсатгичлар ҳақида сўз юритди.
– Наврўзнинг яна бир тенгсиз хусусияти яратувчанликдир, – деди вилоят ҳокими ўз табрик нутқида. – Шу кунларда деҳқонларимиз оқсоқоллардан оқ фотиҳа олиб, далага отланишади. Белни маҳкам боғлаб, кўклам қуёшининг нурларидан баҳра олган заминга умид билан барака уруғини қадайдилар. Жорий йилда асосий эътибор озиқ-овқат ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга қаратилади. Пахта ва бошқа экин майдонлардан қисқартирилган 7 минг 226 гектар ер фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиши учун ажратиб берилади. Ушбу майдонларда 105 гектар картошка, 2 минг 608 гектар полиз, 569 гектар сабзавот, 3 минг 454 гектар дуккакли, 491 гектар мойли экинлар экилиши ҳисобига 2 минг 604 тонна картошка, 14 минг 132 тонна сабзавот ва 62 минг 626 тонна полиз, 5 минг 201 тонна дуккакли, 1 минг 142 тонна мойли экинлар ҳосилини олиш режалаштирилган.
Лалми майдонларда 671 та тик қудуқлар қазилиб сув чиқариш орқали 21 минг 611 гектар янги ерлар ўзлаштирилади. Бу ерларда 1 минг 46 гектар полиз, 379 гектар сабзавот экинлари экилиб, 6 минг 822 тонна сабзавот ва 21 минг 413 тонна полиз маҳсулотлари ҳосили олинади. 4 минг 322 нафар ишсиз аҳоли иш билан таъминланади. 2022 йил ҳосили учун экилган 93 минг 500 гектар сувли ғалла майдонларида қўшимча агротехника тадбирларини амалга ошириш ҳисобига дон ишлаб чиқаришни яна 15 фоизга кўпайтирилиб, жами 792 минг 500 тонна ҳосил ишлаб чиқаришга эрмшилиши назарда тутилган.
Жорий йилда вилоятда инвестиция дастури доирасида 319 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун 12 триллион 500 миллиард сўм инвестиция маблағлари сарфланади. Жумладан, ҳудудий дастурга кўра 8 триллион 500 миллиард сўмлик 309 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 8 минг 878 та янги иш ўринлари яратилади. 4 триллион сўмлик 10 та лойиҳа асосида 2 минг 175 та иш ўрни барпо этилади.
Асосан аграр соҳага ихтисослашган вилоят саноатини ривожланган ҳудудга айлантириш жиззахликларнинг бош вазифа бўлиб, саноат соҳасида 101 та лойиҳа режага киритилди, унга 10 триллион 900 миллиард сўм инвестиция маблағи йўналтирилади. Яратиладиган иш ўринлари ҳам шу соҳада 7 минг 892 тани ташкил этади. Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида 124 та лойиҳага 693 миллиард 300 миллион сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасида 94 та лойиҳага 842 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ йўналтирилади.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида” ги қарорига асосан жорий йилда 21 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 393 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгилаб берилган. Ана шу лойиҳалар замирида минглаб иш ўринлари яратиш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини кўтариш каби эзгу мақсадлар мужассам. Шу ўринда таъкидлаш жоиз аҳолини доимий ва мавсумий иш билан банд қилиш мақсадида жорий йил охиригача 234 минг 102 та иш ўрни яратиш назарда тутилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузил-масини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан вилоятда 866 миллиард 400 миллион сўм ҳисобига 144 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, замонавий архитектура асосида турар жой бинолари қуриш, уларга коммуникация тармоқлари ўтказиш мақсадида жорий йилда Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида 41,3 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массивида 14 та 16 қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу массивдаги бунёд этиладиган янги хонадонларга 1 минг 120 та оила кўчиб кириши кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилда шаҳар ва туманлар ҳудудларидаги 9 та массивларда 44 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Аҳоли саломатлигини сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, таълим тизими, спорт, туризм, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда ҳам кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.
Амфитеатрда таниқли санъаткорлар, вилоят иқтидорли ёшлари, фольклор этнографик халқ ансамбллари, бадиий ҳаваскорлар, миллий марказларнинг концерт дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Сўнгра “Ўрда” экобоғи узра вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, корхона, ташкилот, муассасалари томонидан ташкил этилган Наврўз сайли бошланди.
Байрам нишонланаётган ҳар бир ҳудудда миллий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилиб, Наврўзнинг асосий таоми сумалак, исмалоқ сосма, кўк чучвара, пидинали қатиқли ош, қоқи бурак, қозон патир ва бошқа кўплаб баҳорий таомлар дастурхонларга тортилди.
Ушбу Наврўз байрами тадбирларида миллий халқ ўйинлари, чиллик, елкада кураш, қулоқ чўзма, минди, беш тош, тош кўтариш, миллий кураш, арқон тортиш ва бошқа спорт мусобақалари, варрак учириш беллашувлари уюштирилди. Турли-туман карусел, боулинг ва бошқа кўнгил очар аттракционлар болажонлар кулгусига тўлди. Жиззах шаҳридаги “Ўрда” боғида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан эрталаб бошланган халқ сайли кечгача давом этди.
[gallery-6244]
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА