Жиззахда янги сув иншооти ишга тушди
Аҳоли турмуш фаровонлигини белгилайдиган муҳим мезонлардан бири сифатли ичимлик сувига барқарор эга бўлишдир. Жиззах вилоятида бу борадаги инфратузилмани мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги йирик лойиҳа амалга оширилиб, янги сув иншооти фойдаланишга топширилди.
Зарафшон дарёси сувидан самарали фойдаланиш асосида ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳа доирасида 703 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилди. Дастур асосида 180 километр магистраль ичимлик суви тармоқлари ҳамда тўртта сув иншооти барпо этилди.

Президентимиз ташаббуси асосида амалга оширилган мазкур ишлар натижасида вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 76,2 фоизга етди.
Лойиҳанинг яна бир муҳим объекти Шароф Рашидов туманидаги “Янги Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган Учтепа сув узатиш иншоотидир. Замонавий инфратузилманинг ишга туширилиши аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Янги иншоот тўлиқ қувватда ишлаши билан туман марказидаги Учтепа, Янгиобод ва Янги Ҳаёт маҳаллаларида яшовчи 17 мингдан ортиқ аҳоли узлуксиз ва сифатли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.
Энг муҳими, бундай лойиҳалар нафақат сув таъминоти барқарорлигини оширади, балки аҳоли учун муносиб ва қулай турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири