Жиззахда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” кунлари
Жиззахда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари доирасида ўтказилган тадбирлар оддий учрашувлар силсиласидан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Таҳририят вакилларининг вилоятга ташрифи матбуот, ижод ва жамоатчилик мулоқотини Жиззахдаги бунёдкорлик, саноат, туризм ҳамда тиббиёт соҳаларидаги янгиланишлар билан уйғунлаштирди.
Мазкур тадбир “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти ташаббуси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ташриф давомида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, таниқли журналист ва публицист Салим Дониёров бошчилигидаги таҳририят вакиллари вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва ҳудуднинг янги қиёфаси билан яқиндан танишишди. Уларга Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукруллаев ҳамроҳлик қилди.
Жиззахнинг бугунги қиёфасини биргина расмий маълумот ёки рақам билан тўла тасаввур этиб бўлмайди. Буни шаҳар ва туманлардаги ўзгаришларни кўз билан кўриш, янги ишлаб чиқариш қувватлари, туризм масканлари ва замонавий тиббиёт муассасалари фаолияти билан бевосита танишиш орқали янада теранроқ англаш мумкин.
Шу маънода, таҳририят вакилларининг Арнасой туманидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими бўйида амалга оширилган ишлар билан танишуви алоҳида аҳамият касб этди. Яйдоқ чўл бағрида қад ростлаган “Arnasoy Restor” туризм дам олиш мажмуаси ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янги имкониятлар билан бойитишга қаратилган лойиҳалар самарасини намоён этди.
[gallery-30804]
Сафар давомида журналистлар “Jizzax ADM” автомобил заводи фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари Жиззахнинг саноат салоҳияти ошиб, замонавий технологиялар ва янги ишлаб чиқариш йўналишлари ҳудуд иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатди.
Яна бир муҳим манзил — тобора мукаммаллашиб бораётган Жиззах тиббиёт кластери бўлди. Таҳририят вакиллари бу ерда тиббиёт соҳасидаги имкониятлар, хизмат кўрсатиш тизими ва замонавий ёндашувлар билан танишар экан, ҳудуддаги ўзгаришларнинг инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.
Аслида, журналист учун бундай сафарнинг қиймати ҳам шунда. Рақамлар ва ҳисоботлар ортида турган воқеликни бевосита кўриш, унинг инсон ҳаётига таъсирини ҳис қилиш ва кейин бу жараёнларни кенг жамоатчиликка холис етказиш матбуотнинг таъсирчанлигини оширади.
Ташрифнинг маънавий-маърифий қисми ҳам мазмунан бой бўлди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этишди.
“Янги Ўзбекистон орзуси”да Янги Ўзбекистон ғоясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар, инсон қадрини юксалтириш, ватанпарварлик, маънавият, фидойилик ва халқ манфаатига хизмат қилиш каби юксак қадриятлар публицистик мушоҳадалар орқали ёритилган. Шу боис китоб тақдимоти ёшлар билан мулоқот, уларни юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш ва ижодий изланишларини рағбатлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим бўлди.
Тадбирларда “Янги Ўзбекистон” газетасининг мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси сифатида шакллангани, қисқа давр мобайнида кенг аудиторияни қамраб олгани қайд этилди. Нашрнинг таҳлилий ва танқидий-таҳлилий материаллари орқали ислоҳотлар самарадорлигини ёритиш, уларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишга муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Газетанинг босиб ўтган йўли ҳам эътиборга молик. “Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони 2020 йил 25 январда чоп этилган. Бугунга қадар газетанинг 1759 та сони муштарийлар қўлига етиб борди. Ҳафтада беш кун, мамлакат ҳаётидаги муҳим саналар ва воқеалар муносабати билан айрим ҳолларда етти кун нашр этиладиган газета 6 саҳифадан иборат бўлиб, бошдан-охиригача рангли чоп этилади.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан илк бор интервью олган оммавий ахборот воситаси сифатида ҳам тарихда ўз ўрнига эга.
Таҳририятнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда мамлакатдаги энг ёш ва энг кекса нашрлар бирлашган. 1917 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Правда Востока” газетаси мамлакатимиздаги амалдаги энг кекса нашр ҳисобланади. Жорий йилда газета ўзининг 109 йиллигини нишонламоқда.
Бугун эса асрдан зиёд тарихга эга нашр билан янги давр матбуотининг вакили бўлган “Янги Ўзбекистон” бир таҳририят доирасида замонавий медиа муҳити талабларига мос равишда фаолият юритмоқда.
Бу жараёнда рақамлашув ва медиаконвергенция алоҳида ўрин тутади. Ҳар икки нашр замонавий медиатенденциялардан самарали фойдаланиб келмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида “матн + фото + QR-код” форматидаги материаллар ўқувчига қўшимча ахборотни видеолар орқали кўриш имконини ҳам бермоқда.
Таҳририятнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳам аудитория билан янги мулоқот шаклларини кенгайтирмоқда. Расмий веб-сайт ва Telegram, Facebook, Instagram платформаларидаги саҳифалар орқали ахборот, таҳлилий мақолалар ва видеолавҳалар кенг тарқатилмоқда. Материалларнинг Facebook, Instagram, Telegram, Yandex ва Google платформаларида фаол илгари сурилиши нашрлар ва уларнинг веб-сайти нуфузини мамлакат ва халқаро ахборот майдонида мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жиззахдаги газеталар кунлари ана шу жараёнларнинг амалий давоми бўлди. Бу ерда матбуот фақат воқеаларни ёритувчи эмас, балки воқеликни ўрганувчи, одамлар билан мулоқот қилувчи, янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини англашга интиладиган ижтимоий институт сифатида намоён бўлди.
Айдар-Арнасой соҳилларидаги туризм имкониятларидан тортиб, “Jizzax ADM” автомобил заводи ва Жиззах тиббиёт кластеридаги жараёнларгача бўлган манзаралар бир ҳақиқатни кўрсатди: ҳудуд тараққиёти ҳақида сўз юритганда, рақамлар билан бирга унинг реал қиёфасини ҳам кўрсатиш зарур.
Жиззахдаги учрашувлар, ижодий мулоқотлар ва амалий ташрифлар шу нуқтаи назардан журналистлар учун янги мавзулар, ижодий изланишлар ва таҳлилий материаллар учун бой манба бўлди. Энг муҳими, марказий ва ҳудудий матбуот ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаган ушбу тадбирлар жамиятда кечаётган ўзгаришларни холис, таъсирчан ва замонавий медиа воситалари орқали кенг ёритишга хизмат қилди.
Зеро, бугунги матбуотнинг вазифаси воқеани қайд этиш билангина чекланмайди. У ўзгаришнинг моҳиятини очиши, инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини кўрсатиши, энг муҳими, халқ билан мулоқотда ишончли ахборот кўприги бўлиб хизмат қилиши керак. Жиззахда ўтказилган “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари ана шу вазифанинг амалий ифодаси бўлди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари