Жиззахда янги иқтисодий марказларни боғловчи йўллар барпо этилмоқда (+видео)
Жиззах вилояти Фориш туманида шаклланаётган янги энергетика ва саноат марказларининг транспорт таъминотини яхшилаш мақсадида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши давом этмоқда. Хусусан, Жиззах – Фориш йўналишида Сангзор дарёси устидан янги кўприк барпо этилмоқда. Ушбу иншоот вилоят маркази билан Фориш тумани ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Жиззах вилоятида йирик энергетика ва саноат лойиҳаларининг амалга оширилиши транспорт инфратузилмасига бўлган талабни оширмоқда. Айниқса, Фориш туманида шаклланаётган янги иқтисодий марказлар автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Жиззах – Фориш йўналишидаги йўл ва кўприк қурилиши стратегик аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Жўраевнинг таъкидлашича, бундай инфратузилма объектларини барпо этишда нафақат қурилиш суръати, балки лойиҳавий талабларга риоя қилиш, мустаҳкамлик ва хавфсизлик масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокими ўринбосари янги иншоотнинг техник кўрсаткичларига тўхталди.
– Барпо этилаётган янги кўприк лойиҳаси техник кўрсаткичлари билан ҳам эътиборга молик, – деди Ш.Жўраев. – Иншоотнинг узунлиги 60 метр, умумий кенглиги 34 метр этиб белгиланган.

Лойиҳа буюртмачиси – Жиззах вилояти йўл бошқармаси. Ҳужжатлари “DAY Loyiha” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини эса “Ultra Beton” МЧЖ амалга оширмоқда.
Ушбу жараён мамлакатимизда йўл хўжалигини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг узвий қисми ҳисобланади. Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Жиззах вилояти автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаб берди. Мазкур вазифалар Lex.uz порталида эълон қилинган ҳужжатнинг 5.4 - иловасида ўз аксини топган.
Ҳужжатнинг 5.4 - иловасига мувофиқ, 2023-2026 йилларда вилоятда жами 1811,1 километр автомобиль йўлини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган. Ушбу ишлар учун 1 триллион 627 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Шунингдек, қарорнинг 4.4 - иловасида Жиззах вилоятида 34 та кўприк иншоотини тиклаш назарда тутилган. Бу мақсадлар учун жами 91 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Мазкур кўрсаткичлар йўл ва кўприклар ҳудудий инфратузилмани ривожлантиришда алоҳида ўрин тутишини кўрсатади.
Шуҳрат Жўраев қайд этганидек, йўл хўжалигига оид давлат дастурларининг амалий натижаси, энг аввало, аҳоли ва тадбиркорлар учун яратиладиган қулайликларда намоён бўлади.
– Давлат раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифлари чоғида ҳам транспорт инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2025 йил 2 декабрдаги ташриф давомида вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғловчи янги иншоотлар билан танишилган эди, – деди Шуҳрат Жўраев.

Қарийб 290 миллиард сўм маблағ эвазига 700 метрлик йўл ўтказгич ва тўрт километрлик автомобиль йўли қурилгани маълум қилинди. Янги йўналиш кунига 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга. Илгари 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланган ҳайдовчилар учун масофа тўрт километрга қисқарди.
Бу каби лойиҳалар транспорт инфратузилмасини иқтисодий тараққиёт билан уйғун ривожлантириш зарурлигини кўрсатади. Зеро, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва саноат ҳудудларининг самарали фаолияти ишончли йўл тармоғи билан бевосита боғлиқ.
Фориш туманидаги ўзгаришлар эса ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда. Бу ерда интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши фаол босқичга кирган. Лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллиард 500 миллион долларни ташкил этади.

Давлат раҳбарига 2026 йил 2 сентябрда тегишли маълумотлар тақдим этилди. Унга кўра, АЭС қурилишида қарийб уч минг турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоизни ёки 1 миллиард 900 миллион долларни ташкил этади. Президент ушбу кўрсаткични камида 30 фоизга етказиш вазифасини қўйганди.
Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ва 7 минг нафар маҳаллий ишчи ҳамда мутахассисни жалб этиш белгиланган. Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинган. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жўраевнинг фикрича, йирик лойиҳаларнинг барқарор фаолиятини таъминлашда ташқи муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини ўз вақтида барпо этиш муҳим аҳамият касб этади.

– АЭС қурилиши билан бирга, унга туташ ҳудудда янги шаҳарча ҳам барпо этилади. 200 гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган 10 мингга яқин хонадон қурилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда 3 мингта хонадон барпо этилади. Шаҳарчада мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этилади, – дейди Шуҳрат Жўраев.
Дарҳақиқат, бундай кўламдаги лойиҳалар транспорт таъминотига ҳам жиддий талаб қўяди. Қурилиш материаллари, махсус техника ва ишчи кучининг ҳаракати учун ишончли йўллар зарур. Келгусида янги шаҳарча аҳолиси ва саноат корхоналари фаолияти ҳам қатнов ҳажмини оширади. Демак, бугун барпо этилаётган йўллар эртанги иқтисодий фаолликнинг муҳим инфратузилмавий асосига айланади.
Форишнинг саноат салоҳияти фақат атом энергетикаси билан чекланмайди. 2024 йилда туманда 500 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси қурилиши бошланган. Лойиҳанинг қиймати 350 миллион долларга баҳоланган. Шунингдек, Фориш ва Ғаллаорол туманларида қанд лавлаги етиштириш ҳамда қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 минг тоннагача шакар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Форишдаги Учқулоч конида полиметалл хомашёсини ўзлаштириш лойиҳаси ҳам ҳудуднинг саноат салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, Жиззах – Фориш йўналишидаги автомобиль йўлини кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Жиззах шаҳридаги Шодлик маҳалласидан Фориш туманига олиб борувчи йўналишда ишлар қизғин давом этмоқда. Йўл Шароф Рашидов туманидаги Суғдиёна маҳалласи орқали ўтади. Уни кенгайтириш ва таъмирлаш ҳудудлар ўртасидаги қатнов шароитларини яхшилашга қаратилган.
Албатта, йирик инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги фақат ишлаб чиқариш қувватлари билан белгиланмайди. Уларнинг хомашё манбалари, меҳнат ресурслари ва тайёр маҳсулот бозорлари билан боғланиши ҳам муҳим. Бу жараёнда автомобиль йўллари иқтисодий алоқаларнинг узлуксизлигини таъминлайди. Шу боис транспорт инфратузилмасини ривожлантириш саноатлаштириш жараёнидан ортда қолмаслиги керак.
Эндиликда асосий эътибор қурилишларнинг белгиланган муддатларда якунланишига қаратилиши лозим. Бунда лойиҳа талабларига риоя этиш, сифат назорати ва хавфсизлик масалалари муҳим ўрин тутади. Чунки замонавий йўл ва кўприклар узоқ йиллар давомида аҳолига хизмат қилиши керак.
Жиззах – Фориш йўналишида амалга оширилаётган ишларга ҳам ана шу мезонлар асосида баҳо бериш мақсадга мувофиқ. Зеро, Форишда шаклланаётган янги саноат ва энергетика марказлари ишончли транспорт тармоғини талаб қилади. Йўл инфратузилмасининг бугунги ривожи эртанги иқтисодий имкониятлар кўламини ҳам белгилайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири