Жиззахда транспорт назорати ва йўллар сифати муҳокама қилинди
Жиззах вилоятида Транспорт назорати инспекцияси ҳудудий бўлимларининг жорий йил ўтган ўн ойидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди.
Тадбирда Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Жамшид Каримов ҳамда тегишли бошқарма ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари соҳадаги қонунчилик янгиликлари, назорат жараёнларини рақамлаштириш ва назорат-рейд тадбирлари натижалари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликдаги ўзгартишлар билан айрим маъмурий жарималар миқдори камайтирилди. Назорат жараёнларида инсон омилини қисқартириш мақсадида “Йўл сифат назорати” ва “Рақамли инспекция” ахборот тизимлари, электрон планшетлар ҳамда тахограф назорат карталари амалиётга жорий этилди.
Ҳисобот даврида вилоятда автомобиль транспорти соҳасида 833 та назорат-рейд ва 183 та профилактика тадбири ўтказилиб, 6 минг 927 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Кўчма тарозилар ёрдамида меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланган 1 минг 77 та оғир вазнли транспорт воситаси аниқланган.
Йўл қурилиши объектларида ўтказилган 85 та назорат тадбирида 231 та қоидабузарлик қайд этилиб, 21 та маъмурий иш судга юборилган. Шунингдек, 22 та объектда сифатсиз бажарилган 3 миллиард 452 миллион сўмлик ишларни молиялаштирмаслик юзасидан буюртмачиларга талабномалар киритилган.
Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар Автомобиль йўллари қўмитаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган рейд жараёнлари билан танишди. Унда кўчма тарозилар ёрдамида юк транспорт воситаларининг вазнини текшириш тартиби кўрсатилди.
[gallery-32543]
— Бундай рейдлардан асосий мақсад йўл ва кўприкларнинг муддатидан олдин емирилиши ҳамда оғир йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдир, - дейди Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль транспортида назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Шаҳобиддин Тошев. - Айни пайтда вилоятда “Tenzo” русумли замонавий тарозилар билан жиҳозланган иккита кўчма лаборатория фаолият юритмоқда. Текширувлар магистраль ва ички йўлларда тизимли олиб борилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА