Жиззахда “Жадидлар изидан” танловининг туман босқичлари якунланди
Жиззах вилоятида 22 минг нафардан зиёд ўқувчини қамраб олган “Жадидлар изидан” республика танловининг шаҳар ва туман босқичлари якунланди. Мазкур танловнинг Шароф Рашидов туманидаги босқичи ҳам қизғин беллашувларга бой бўлди.
32-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган танловда тумандаги 62 та мактабдан сараланган иқтидорли ўқувчилар иштирок этиб, жадид маърифатпарварларининг ҳаёти, ижодий мероси ва илғор ғоялари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
— Жадид боболаримизнинг маърифий меросига бугунги ёшларнинг қизиқиши жуда юқори. Биргина вилоятимизда 3 минг нафардан ортиқ ўқувчининг шаҳар ва туман босқичларигача етиб келгани бу ҳаракатнинг қамрови кенгайиб бораётганидан далолат беради. Танлов нафақат билимлар беллашуви, балки ёшларда китобхонлик маданияти ва таҳлилий фикрлашни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, - дейди Жиззах вилояти “Келажак” маркази директори Самад Худойбердиев.
Тадбирнинг очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари Олим Мелибоев ва бошқа масъуллар сўзга чиқиб, миллий уйғониш даври намояндаларининг маърифий ғоялари бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади ҳамда иштирокчиларга омад тилади.
Танлов 6–8-синфлар ва 9–10-синфлар ўртасида икки тоифада ташкил этилди. Тест ва савол-жавоб шартлари орқали иштирокчиларнинг жадидлар ҳаёти ва асарлари ҳақидаги билимлари баҳоланди.
[gallery-28617]
Якуний натижаларга кўра, 6–8-синфлар ўртасида Мунира Жамолиддинова, 9–10-синфлар ўртасида эса Феруза Муродуллаева биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар энди танловнинг вилоят босқичида Жиззах шаҳри ва вилоятнинг бошқа туманларидан келган тенгдошлари билан куч синашади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА