Жиззахда футзал бўйича вилоят ҳокими кубоги ғолиблари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида футзал спорт турини оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган вилоят ҳокими кубоги ҳамда 2-лига мусобақалари якунига етди.
Дўстлик тумани спорт мажмуасида бўлиб ўтган финал учрашувида маҳаллий “Дўстлик” ҳамда “Эзгу ният” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Вилоятнинг етакчи жамоалари иштирок этган мусобақанинг ҳал қилувчи беллашуви шиддатли ва муросасиз курашларга бой ўтди.
Учрашувнинг асосий вақтида ҳар икки жамоа ҳам юқори маҳорат намоён этди. Асосий вақт якунига саноқли сониялар қолганда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга эришди ва ўйин 3:3 ҳисобида дуранг билан якунланди.
[gallery-28709]
Ғолиб номи қўшимча бўлимларда аниқланди. Экстра-таймнинг сўнгги дақиқаларида “Эзгу ният” жамоаси ҳал қилувчи голни киритиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин “Эзгу ният” жамоасига, 2-ўрин Дўстлик туманининг “Дўстлик” жамоасига насиб этди. Кучли учликни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда “BMB Jizzax” жамоалари якунлаб берди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Зафар Рўзиев, Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев иштирок этди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Мазкур мусобақа вилоятда футзални янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни катта спортга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА