Жиззахда дуал таълим ривожлантирилади
Бугун меҳнат бозорида назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини яхши биладиган, ўз мутахассислиги бўйича амалий кўникмага эга ва янги технологияларни тез ўзлаштира оладиган кадрларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу маънода, таълим билан ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш, талабани амалиёт муҳитига яқинлаштириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишганди. Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “ADM Jizzakh” корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани, талабалар учун замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим ташкил этилгани тақдимот қилинганди.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига асосланган ушбу ёндашув Жиззах политехника институтида дуал таълимни янада ривожлантириш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш ҳамда уларни меҳнат бозори талабларига мос касб эгаси қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 16 мартдаги 108-сон буйруғи ижросини таъминлаш доирасида ҳам амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Энергетика вазирлиги ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида Президентнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззахга ташрифи чоғида юклаган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институт ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти (АЖ) Жиззах филиали, “Энергосавдо” филиали Жиззах бўлинмаси, “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминот филиали (ГТФ) ва “Жиззах сув таъминоти” АЖ ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Мазкур келишувлар таълим жараёнини ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади. Уларнинг асосий мақсади – талабаларни дуал таълим асосида тайёрлаш, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, ҳудуднинг энергетика, газ ва сув таъминоти соҳаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш ҳамда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш.

Энг муҳими, талаба ўз мутахассислигига оид билимларни фақат аудитория ва лабораторияда эмас, балки реал иш жараёнида синаб кўриш имконига эга бўлади. Корхона ва ташкилотлардаги амалий машғулотлар ёш мутахассисларга ишлаб чиқариш муҳитини ҳис қилиш, замонавий ускуналар билан ишлаш, касбий масъулиятни англаш ва назарий билимларини амалиёт билан боғлаш имконини беради.

Бундай ҳамкорлик иш берувчилар учун ҳам муҳим. Зеро, корхона ва ташкилотлар бўлажак мутахассисларни тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этиб, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар шаклланишига ҳисса қўшади. Таълим муассасаси эса ўқув жараёнини амалиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, талабаларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва уларнинг келгуси бандлиги учун мустаҳкам замин яратиш имкониятига эга бўлади.

Бугун Жиззах политехника институтида амалга оширилаётган ишлар ана шу мақсадга – билимни амалиёт билан бойитиш, талабани касбга тайёрлаш ва таълим натижасини меҳнат бозори эҳтиёжи билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Зеро, дуал таълимнинг моҳияти ҳам шунда: талаба ўқийди, ўрганади, амалиётда синайди ва ўз касбининг ҳақиқий мутахассиси сифатида шаклланади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири