Жиззахда байрамга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини юксак савияда нишонлашга тайёргарлик ишлари янги босқичга кирди. Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда байрам тадбирларини халқчил ва мазмунли ташкил этиш, ҳудудларда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, аҳоли учун янада қулай ва обод муҳит яратишга қаратилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокама тарзида ташкил этилган йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, шунингдек, ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этишиб, белгиланган вазифалар ижросини тизимли таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олди.

Таъкидланганидек, жорий йил мамлакатимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга сана — давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманлари, ҳар бир маҳалласида байрам тадбирларини юксак ташкилий савияда ўтказиш, аҳолига кўтаринки кайфият улашиш, юрт тараққиёти ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кенг тарғиб қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 1-апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан байрам тадбирларини “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси асосида ташкил этиш, уларни барча маҳаллаларда халқчил руҳда ўтказиш, кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, ижтимоий инфратузилма объектларини фойдаланишга топшириш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини кенг ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар мазкур қарор ижросини ҳудудларда таъминлашнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Йиғилишда масъулларга вилоятнинг 305 та маҳалласида мустақиллик байрами муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, халқ сайиллари, спорт мусобақалари ҳамда ёшлар иштирокида турли маънавий-маърифий лойиҳаларни юқори савияда ташкил этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Бу тадбирлар орқали аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг Ватанга садоқат, миллий ғурур ва истиқлол қадриятларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Байрам арафасида аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги ижтимоий объектлар ва инфратузилма иншоотларини ўз вақтида фойдаланишга топшириш масаласи ҳам устувор вазифалар қаторида қайд этилди. Жумладан, 21 та янги маҳалла фуқаролар йиғини биноси, шунингдек, “Мустақилликнинг 35 йиллиги” маҳалласи биносини тантанали равишда ишга тушириш режалаштирилгани таъкидланди. Бу каби лойиҳалар маҳаллаларда давлат хизматлари сифатини ошириш, аҳоли учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Йиғилишда шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини янада обод қилиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш, марказий кўчалар, хиёбонлар, боғлар ва аҳоли гавжум масканларини байрамона безатиш ишларини кучайтириш бўйича ҳам қатъий вазифалар белгилаб берилди. Обод ва озода муҳитни шакллантириш мустақиллик байрамининг мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг экани алоҳида қайд этилди.

Айниқса, автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл инфратузилмаси ҳамда унинг атрофини тартибга келтиришга жиддий эътибор қаратилди. Темир йўллар бўйлаб жойлашган ҳудудларни ободонлаштириш, вокзаллар ва бекатларда тозаликни таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, муҳандислик инфратузилмасини тартибга келтириш орқали вилоят ҳудуди орқали ҳаракатланувчи йўловчиларда Жиззах ҳақида замонавий, обод ва файзли ҳудуд сифатида ижобий таассурот шакллантириш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, кўча ва йўллар ёқасидаги ташқи реклама воситалари, бинолар фасадлари, ташқи ёритиш тизимлари, йўл белгилари ҳамда муҳандислик коммуникацияларини тартибга келтириш, манзарали гулзорлар ва яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш бўйича амалий ишлар янада фаоллаштирилиши таъкидланди. Бу чора-тадбирлар ҳудудларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш билан бирга, аҳоли учун янада қулай ва экологик барқарор яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир ҳудудда мустақиллик байрамини юксак савияда ташкил этиш, ободонлаштириш ишларини ўз вақтида якунлаш ҳамда мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб тарзда нишонлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири