Жиззах вилояти янгиликлари – қисқа сатрларда
Бахмал тумани ҳокими М.Анорбоев мутасадди ўринбосарлари билан биргаликда Ўсмат шаҳарчасидаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабдаги таъмирлаш ишларининг бориши билан яқиндан танишди.
Қурувчилар билан мулоқотда бўлиб, уларга яратилган шароит ва қурилиш материаллари таъминоти билан қизиқди. Шунингдек, ушбу мактабда таҳсил оладиган ўқувчилар учун яратилиши лозим бўлган қулайликлар бўйича таклифларини билдириб, мутасаддиларга керакли кўрсатмаларни берди.

Жиззах шаҳар 1-секторига қарашли маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида профилактик суҳбатлар ташкил қилиш, ҳуқуқий тушунча бериш ва муаммоларга ечим топиш мақсадида Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов ва Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи А.Эргашев бошчилигида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Унда кўтарилган муаммоларга мутасадди ташкилот раҳбарлари бириктирилди ва Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах шаҳар бўлими томонидан топшириқлар ижроси назоратга олинди.

Шароф Рашидов туманида ўтган семинарда Жиззах вилоят агрохизматлар маркази ҳамда вилоят агроинспексия ходимлари, Жиззах илмий тажриба стансияси олимлари, туманлар қишлоқ хўжалик бўлимлари бошлиқлари, пахтачилик агрокластерлари раҳбарлари ҳамда қишлоқ хўжалик ташкилотлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Семинарда ишчи гуруҳ аъзолари пахта майдонларини кўздан кечириб, кўсак қуртига қарши курашиш, агротехник тадбирларни кечиктирмасдан сифатли амалга ошириш бўйича тавсиялар берди.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Мирзачўл туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Эрта тонгдан туман ҳокими Ш.Аҳмедов бошчилигида секторлар, тумандаги идора ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари билан биргаликда бириктирилган ҳудудларида бўлиб, аҳоли хонадонларини бирма-бир айланмоқда, уйма-уй юриш пайтида аҳолини қийнаётган муаммолар, томорқадан самарали фойдаланиш, хонадонларни ободонлаштириш юзасидан тавсиялар ва эҳтиёжмандларга амалий ёрдам бериляпти.

Зарбдор туман ҳокими З.Рўзиев 1-сектор ҳудудидаги “Равот” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан учрашди.
Учрашув давомида маҳаллада олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди. Фаоллар билан биргаликда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг мурожаатларини қонуний ҳал этиш, мурожаатларнинг камайишига, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши борасида суҳбатлашди.

Ғаллаорол туманидаги маҳаллаларда Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Худди шундай тарғибот тадбирлари бўлиб ўтган “Дўстлик” ва “Гулистон” МФЙларда бу йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида – “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумини юқори савияда ўтказиш ва тарғиб қилиш белгиланган эди.
Шу муносабат билан Пахтакор тумани маҳаллаларидаги ёшлар етакчилари, туман халқ таълими, спорт ишларини ривожлантириш, маданият ишлари бўлимлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга “Беш ташаббус олимпиадаси”ни иккинчи мавсумига тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича ўқув-семинар ташкил қилиниб, унда бу борада олиб борилаётган тайёргарлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА