Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зафаробод туманида маҳалла ёшлар етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолияти билан яқиндан танишди.
Маҳаллада ёшларнинг жиноятчиликка қарши кураш натижадорлигини ошириш, давлатимизнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш давомида аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилиб, бу борада тегишли кўрсатмалар берди.
“Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ёшлар дафтари” рўйхатидагиларнинг икки нафарига ноутбук ва икки нафарига тикув машиналари топширилди.

***
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошчилигида Жиззах шаҳар ФВБ ходимлари томонидан вилоят ИИБ ва МГ ходимлари билан ҳамкорликда “Эски шаҳар буюм савдо комплекси”да ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг барвақт олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирлар давомида бозор ҳудудида ташкил этилаётган мактаб ярмаркасини ўтказиш вақтида тадбиркорлар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда ўрнатилган ҳамда ёнғин ўчириш автомобилларининг эркин ҳаракатига тўсқинлик қилувчи сунъий қурилмалар соҳа ходимлари томонидан жойида бартараф этилишига эришилди.
Шунингдек, бозор ҳудудидаги эвакуация йўлларини тўсиб қўйган турли хилдаги қурилмаларни бартараф этиш бўйича бозор маъмурияти ва тегишли ташкилотларга огоҳлантиришлар берилди.

***
Тожикистон Гимнастика федерацияси томонидан бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир ташкил этилиб, унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Зарбдор тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида тарбияланаётган қизлар ғолиб бўлиб қайтди.
Ушбу халқаро турнирда зарбдорлик бадиий гимнастикачи қизлар жами 4 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Халқаро турнир ғолиблари туман ҳокимлиги, ёшлар ва спорт ишлари бўлими ҳамда яқинлари ва спортсеварлар томонидан тантанали кутиб олинди.

***
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги шарафига Арнасой туманида “Маҳалла футбол лигаси” мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу лигада 20 жамоадан 200 дан ортиқ ҳаваскор футболчи ёшлар ҳаракат қиляпти. Кеча мусобақанинг гуруҳ босқичи ўз якунига етди ва кейинги босқичга йўл олган 10 жамоанинг номи аниқ бўлди.
Ғолиб жамоа номи Ўзбекистон Мустақиллиги байрам тантаналари куни аниқ бўлади.

***
Шароф Рашидов тумани ҳокимининг ўринбосари инвестициялар ташқи савдо бўлими бошлиғи Ғулом Хидиров ўзига бириктирилган ёшларнинг хонадонларида бўлиб, улар билан самимий мулоқот қилди ва уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди.
Ўрганишлар жараёнида ёшларни иш билан таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиш бўйича зарур ёрдам бериш ва даволанишга муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш каби муаммоларга ечим топилди.

***
Зомин туманининг барча қишлоқ ва маҳаллаларида “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида ишлар қизғин давом этмоқда.
“Ободонлаштириш ойлиги” жорий йилнинг 30 августигача давом этиб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, “маҳалладан хонадонгача” тамойили асосида маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишдир.
Жумладан, “Оқтепа” МФЙ аҳолисининг кучи билан теварак-атроф турли чиқиндилардан тозаланиб, дарахтлар буталди, таглари оқланди, ариқ ва лотоклар тозаланди, қабристон атрофлари ободонлаштирилиб, дарахт ва гул кўчатлари суғорилди. Худди шундай ободонлаштириш ишлари туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

***
Фориш туманида ҳам давлатимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, байрам муносабати билан туман маданият бўлими ҳамда Маънавият маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон мадҳини куйлайман” шиори остида 18-30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшлар ўртасида қўшиқчилик йўналишида танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Якуний хулосаларга кўра 1-ўринни Миркомил Аҳмедов, 2-ўринни Умид Нуруллаев, 3-ўринни Самандар Ортиқбоевлар эгаллади.
Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

***
Дўстлик тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Муҳаммади Турсунмуратов 4-сектор ҳудудига қарашли “Саноатчилар” МФЙ раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори билан учрашди.
Учрашувда туман 4-сектор раҳбари ушбу масъулларга аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш бўйича ҳамкорликда ишларни ташкил қилиш юзасидан керакли кўрсатмалар берди.
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан “Ободонлаштириш ойлиги” муносабати билан ташкил этилаётган ҳашарда маҳалла фуқароларини фаолликка чорлаб, муаммоларни бартараф этишда ва ҳашар ишларида солиқ инспекцияси амалий ёрдам кўрсатишга ҳар томонлама тайёр эканини таъкидлади.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА