Жиззах вилояти: прокуратура матбуот хизмати хабарлари
Жиззах вилоят табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Зарбдор туман бўлими ҳамда Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ходимлари ҳамкорлигидаги тезкор гуруҳ томонидан ўтказилган рейд-тадбири давомида, туманнинг “Шодлик” МФЙ ҳудудида 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда тупроқ материалларини рухсатномасиз қазиб олаётганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига асосан фуқароларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 миллион 740 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
***

Ҳозирда, Дўстлик тумани мактаб ва мактабгача таълим бўлимига қарашли 9-сонли мактабгача таълим биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Туман прокурори С.Раззоқов тегишли ташкилотлар вакиллари билан биргаликда мазкур объектда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди. Ушбу жараён давомида, туман прокурори қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли, аниқ режа асосида олиб бориш ва белгиланган муддатда якунлаб, фойдаланишга топшириш юзасидан масъулларга топшириқлар бериб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
***
Жиззах вилоятида ёқилғи – энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назорати мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда. Мирзачўл туман прокурори, 2-сектор раҳбари А.Сакиев томонидан вилоят электр тармоқлари корхонаси ва унинг туман бўлими раҳбари билан биргаликда туман тиббиёт бирлашмасида мутасадди раҳбарлар иштирокида бирлашма ходимлари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда, электр энергия, газ ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тежамкорликни таъминлаш, тўлов интизомини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, масъул ходимларга энергетика соҳаси объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаш бўйича ҳам мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
***
Зафаробод тумани “Лолазор” МФЙда оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда туман ҳокими Ғ.Эшпўлатов, туман прокурори Ҳ.Бектемиров, туман ИИБ бошлиғи Б.Мусурмонов, тумандаги Президент Халқ қабулхонаси, туман солиқ инспексияси ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.


Қабулда кўтарилаётган ҳар бир масала алоҳида назоратга олиб борилди ва қабулда кўтарилган масалаларнинг 8 таси жойида ўз ечимини топган бўлса, муддат талаб қиладиган мурожаатларни ҳам қисқа фурсатларда ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилиб, аниқ муддат белгиланди ва ижроси назоратга олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА.