Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида спелеотуризм соҳаси ривожлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда спелеотуризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида спелеотуризм ривожлантирилади. Мазкур ҳудудларда 2027-2028 йиллар мобайнида:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган экологик ва санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, зарур муҳандислик-коммуникация ҳамда туристик инфратузилма объектлари, шу жумладан, дам олиш масканлари ва санитар-гигиеник шохобчалар ташкил этилади;
Оилавий меҳмон уйлари ташкил этишга кўмаклашилади ҳамда уларнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўлга қўйилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уч ой муддатда Туризм қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда объектларга саёҳатларни ташкил қилишда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари ҳамда тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
2027 йилдан бошлаб ҳар йили икки маротаба манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда 2027-2028 йилларда объектларда ўқув-амалий машғулотлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига спелеотуризм йўлга қўйиладиган ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда объектларга саёҳатларни ташкил қилишда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экологик назоратини амалга ошириш тавсия этилади.
Ўзбекистоннинг спелеотуризм имкониятларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш мақсадида:
а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Туризм қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2027 йил май-июнь ойларида Халқаро спелеологлар иттифоқи, минтақавий иттифоқ ва ассоциациялар экспертлари, етакчи олимлари ва спелеолог тадқиқотчилари, шунингдек, Европа Иттифоқи, Грузия, Россия, Хитой ва Вьетнамдаги экскурсия ўтказиладиган объектларга эгалик қилувчи ташкилотлар вакиллари иштирокини таъминлаган ҳолда, спелеотуризмни ривожлантиришга қаратилган халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади;
2027 йилдан бошлаб ҳар йили спелеология, геология, гидрология ва биоспелеология бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда устувор илмий лойиҳалар учун халқаро грантлар жалб қилинади.
Бунда илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ҳар уч йилда қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг натижалари Миллий туризм ягона платформасида жамланади;
б) Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан нуфузли хорижий телеканаллар учун Ўзбекистоннинг спелеотуризм имкониятини намойиш этувчи ҳужжатли фильмлар яратилади.
ЎзА